Ўзбекистон | 14:31 / 07.05.2025
9355
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг икки ўринбосари ишдан кетди

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Даврон Султонов ва Фаррух Шарипов ишдан олинди. Яна бир ўринбосар Олим Омонов эса 6 ойда рақамлаштиришда ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Даврон Султонов ва вазир ўринбосари Фаррух Шарипов ишдан кетди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда тиббий суғуртани жорий қилиш сурункали сурилиб келаётгани кескин танқид қилинди. Тошкент шаҳрида ўтган йили, Қорақалпоғистон, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразмда бу йили ушбу тизим ишга тушиши керак эди. Суғурта жамғармаси фақат тайёр пулни тақсимловчига айланиб қолгани кўрсатиб ўтилди.

«Белгиланган ислоҳотларимиз қанчалик тўғри бўлмасин, тизим рақамлашмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз»,
 - деди президент.

Лекин мутасаддилар тизимни тўлиқ рақамлаштириш у ерда турсин, оддий «электрон рецепт»ни ҳам ишга тушира олмагани танқид қилинди. «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона»ни жорий этишда ҳам жиддий оқсоқликлар бор.

«Вазирлик раҳбарлари дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлмаса, масъулиятни ҳис қилиб, сўровни кучайтирмаса, ислоҳотлар маҳаллагача етиб бормайди», - деди давлат раҳбари.

Шу боис, йўл қўйилган камчилик ва хатолар учун соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари Даврон Султонов, Фаррух Шарипов лавозимидан озод этилди, вазир ўринбосари Олим Омонов 6 ойда рақамлаштиришда ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилди.

Маълумот учун, Даврон Султонов 2024 йил сентябрида Алишер Шодмонов ўрнига вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

Фаррух Шарипов ва Олим Омонов эса 2023 йил сентябрида ССВ вазири ўринбосари лавозимларида иш бошлаганди.

Мавзуга оид