Жаҳон | 18:35 / 13.05.2025
1514
3 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноий суд ордери билан ҳибсга олинган Филиппин собиқ президенти маҳаллий сайловларда ғалаба қозонди

Ҳаагада ҳибсда сақланаётган Родриго Дутерте Давао шаҳри мэри лавозимига, унинг ўғли эса вице-мэрликка сайланди.

Фото: AP

Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте ўзи туғилган Давао шаҳри мэри учун ўтказилаётган оралиқ сайловларда ғалаба қозонди. Маҳаллий сайлов комиссияси Дутерте 660 мингдан ортиқ овоз тўплаганини эълон қилди. Бу энг яқин рақиби Карло Ногралес тўплаган овозлардан саккиз баробар кўп, деб ёзади Associated Press.

Родриго Дутерте 2025 йил мартдан бери Ҳаагада — у Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордерига мувофиқ ҳибсга олинган бўлиб, собиқ президент инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Сиёсатчининг қизи Сара Дутертенинг айтишича, у ХЖС юристлари билан Родриго Дутерте қандай қилиб мэр сифатида қасамёд қабул қилиш мумкинлигини муҳокама қилади.

Ҳозирда Давао мэри лавозимида Родриго Дутертенинг ўғли Себастян ишлаб келаётганди. У вице-мэр лавозими учун сайловларда ғалаба қозонди. Дутертенинг яна бир ўғли — Паола эса оралиқ сайловларда конгрессга қайта сайланган. Шунингдек, собиқ президентининг икки набираси маҳаллий сайловларда ғалаба қозонди.

Филиппин сайлов қонунчилиги номзодга маҳаллий суд томонидан «якуний айблов қарори» чиқарилмагунга қадар давлат лавозими учун сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

80 ёшли Родриго Дутерте Даваода улғайган ва бир неча бор мэр лавозимида фаолият юритган. 1986 йилда у мэр ўринбосарига айланган, 1988 йилда эса сайловларда ғалаба қозониб, уч муддатга — 1998 йилга қадар мэр этиб сайланган. 2001 йилда Дутерта яна Давао мэрига айланган, 2004 ва 2007 йилларда қайта сайланган. 2013 йилда у охирги маротаба мэрликка сайланган — бу лавозимда у жами 22 йил фаолият юритган. 2016 йилда Дутерте Филиппин президенти этиб сайланган ва 2022 йилга қадар шу лавозимни эгаллаган.

2025 йил март ойида Филиппин полицияси Дутертени Манила аэропортида Халқаро жиноий суд ордерига мувофиқ ҳибсга олганди. ХЖС Дутертега нисбатан инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, Дутертенинг президентлик вақтида гиёҳванд моддаларга қарши кураш операциялари доирасида 12 минг киши ўлдирилган.

Мавзуга оид