Жаҳон | 11:20
9219
5 дақиқада ўқилади

Масхараланган таълим вазири ва мустақиллиги учун курашаётган университет – Ҳарварддаги можаро

АҚШ таълим вазири Линда Макмаҳоннинг Ҳарвард университетига юборган хати шов-шув ва эътирозларга сабаб бўлди. Унинг хати қизил сиёҳ билан таҳрирланиб, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди. Фойдаланувчилар эса таълим вазирини саводсизликда айблаб масхара қилди. Хўш, аслида нималар рўй берди?

Макмаҳоннинг муҳокамали хати ва Ҳарварднинг жавоби

АҚШда янги маъмурият келиши билан мамлакатда олий таълим муассасаларини молиялаштирилмаслик бўйича кампания бошланди. Худди шу вазият айни вақтда дунёга машҳур Ҳарвард университети билан ҳам юз беряпти.

6 май куни АҚШ таълим вазири Линда Макмаҳон Ҳарвардга хат йўллади. Ҳукумат вакили буни ўзининг Х (собиқ Тwitter)даги саҳифасида эълон қилди. Унда Ҳарварднинг йирик молиявий жамғармасига қарамай, федерал грантларни олиб келаётгани, аммо ўзининг қонуний ва ахлоқий мажбуриятларига амал қилмаётгани таъкидланади.

Ҳарвард университети 53,2 миллиард долларлик жамғармага эга бўлишига қарамай (бу кўрсаткич 100 та мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотидан каттароқ) деярли солиқдан озод қилинган, ҳар йили солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб доллар маблағини олади. Бу маблағларни олиш ҳуқуқ эмас, балки имтиёздир. Шунга қарамай, Ҳарвард пулларни талабалар таълимини ривожлантиришга сарфлаш ўрнига федерал қонунларни мунтазам равишда бузиб келмоқда”, – дейилади хатда.

Шунингдек, хатда университетнинг хорижлик талабалар билан боғлиқ муаммолари, плагиат можаролари, академик стандартлардан чекиниши ва ирқий камситиш сиёсатини давом эттираётгани ҳақида гап кетади. Шу сабабли ҳукумат Ҳарвардга энди янги федерал грантлар ажратилмаслигини маълум қилган.

Юқоридаги ва бошқа ташвишли даъволардан келиб чиқиб, сизга шуни маълум қиламизки, Ҳарвард энди федерал ҳукуматдан грант талаб қила олмайди, чунки грантлар ажратилмайди. Ҳарвард бундан буён давлат маблағлари билан эмас, балки ўзининг улкан жамғармаси ва бадавлат битирувчилари ҳисобига фаолият юритади”, – дея қайд этилган ҳужжатда.

Ҳарвард маъмурияти Макмаҳоннинг хати эълон қилинганидан 3 соат ўтиб ўзининг расмий сайтига “Янги молиявий қўрқувлар” сарлавҳаси билан муносабатини жойлаган:

Бугун биз маъмуриятдан яна бир хат олдик. Унда Ҳарвард университети устидан мисли кўрилмаган ва ноўрин назорат ўрнатишга уринишлар яна бир бор такрорланмоқда. Бу талаблар олий таълим учун салбий оқибатларни олиб келиши мумкин. Бугунги хатда, шунингдек, 21 апрел куни Ҳарвард судга даъво аризасини топширгани учун тадқиқот ва инновацияларга ажратиладиган маблағларни ноқонуний тарзда тўхтатиш таҳдиди янгидан илгари сурилган.

Ҳарвард қонунларга амал қилишда, фикрлар хилма-хиллигига ҳурматни тарғиб қилишда ва жамиятимиздаги антисемитизмга қарши курашишда давом этади. Шунингдек, Ҳарвард америкаликлар хавфсизлиги ва ҳимояси учун муҳим бўлган илмий тадқиқот ва инновацияларни бўғишга қаратилган ҳукуматнинг ноқонуний аралашувига қарши курашни давом эттиради”, – дейилади хабарда.

Маълумот учун, аввалроқ президент Доналд Трамп маъмурияти Ҳарварддан академик дастурлар ва бўлимлар, шунингдек, талаба, профессор-ўқитувчилар, ходимларнинг фаолиятини “аудит” қилишни, университет бошқарув тузилмаси ва ишга қабул қилиш амалиётларини ўзгартиришни талаб қилганди.

Ҳарвард университети Доналд Трамп маъмуриятининг университетга нисбатан қўйган талабларини рад этганди. Университет президенти Алан Гарбер Ҳарвард ўзининг мустақиллигидан воз кечмаслиги, конституциявий ҳуқуқларини сақлаб қолишини билдирганди.

Масхараланган вазир

Линда Макмаҳоннинг хати бошқа жиҳати билан ҳам кўпчилик эътиборини тортди. Х тармоғи фойдаланувчиларидан бири вазирнинг хати қизил сиёҳ билан имловий, грамматик, услубий тўғриланганини кўрсатиб, твитида “бизнинг таълим вазиримиз” дея киноя қилган.

Айрим манбаларда бу иш Ҳарвард профессорлари томонидан амалга оширилгани ёзилди. Аммо бу хатни айнан Ҳарвард профессорлари таҳрирлаганига оид факт мавжуд эмас.

Таҳрирланган хат твит қилиб жойлангач, у фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди ва таълим вазирининг масхараланишига олиб келди.

“[Бу таҳрирланган хат] Шуни кўрсатадики, МАГА (Америкадаги сиёсий ҳаракат) тарафдорлари саводсизликларини яшира олишлари учун айнан Х платформасини афзал кўришади. Ахир, бу ерда атиги 280 та ҳарфгача ёзиш мумкин, шунда саводсизлик билинмайди”.

“Бу мактубда (мен санаганим бўйича) 37 та грамматик хато бор. Уларни топ ва мукофотлан”.

“"Ҳурматли АҚШ таълим вазирлиги, биринчи ўқишдаёқ яна хатолар топдим. Кейинроқ яна тузатишлар қўшаман”.

“Буни ўзингиз ёздингизми ёки сунъий интеллект ёрдам бердими?”

“Таълим вазири, худди 3-синф ўқувчисидек ёзади…”

Мавзуга оид