Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иқтисодиёт вазирлиги давлат шифохоналарида пулли хизматлар қимматлашаётганини рад этди
Шу кунгача пулли асосда кўрсатиладиган тиббий хизмат нархи 25 фоизгача устама қўллаш орқали амалга оширилган. Энди эса пулли хизматлар учун тўловлар камида 5 фоиз арзонлашган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар қимматлашиши айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2025 йил 27 январда Адлия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Пулли тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур қарорнинг 8-бандида «Тиббий хизматга тўловнинг энг кўп қиймати даволаш-профилактика муассасаси томонидан бюджет маблағлари ҳисобига кўрсатилаётган айнан шундай хизматлар қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги» белгиланган.
«Бироқ мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг, унинг 8-бандидаги меъёрнинг турлича талқин қилиниши оқибатида баъзи тушунмовчиликлар келиб чиқди. Жумладан, «шундай хизматлар қийматининг 25 фоизи назарда тутилганми ёки 125 фоизими» деган саволлар юзага келди. Содда қилиб айтганда, «тиббиёт муассасаларида 100 минг сўмлик тиббий хизмат 25 минг сўмга ёки 125 минг сўмга кўрсатиладими?» деган мазмунда мурожаатлар пайдо бўлди», — дейилади муносабатда.
Юзага келган тушунмовчиликни бартараф этиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Пулли тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартиби 8-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида» қўшма қарори қабул қилиниб, Адлия вазирлиги томонидан 2025 йилнинг 7 май куни рўйхатдан ўтказилган.
Бу орқали тартиб амалдаги норматив ҳужжатга мувофиқлаштирилган ҳамда пулли тиббий хизматлар нархларининг юқори чегараси аниқ белгиланган. Хусусан, аҳолига пулли асосда кўрсатилган тиббий хизмат нархини белгилашда тегишли хизмат таннархига 20 фоизгача устама қўллаш мумкинлиги қатъий белгиланган.
Яъни эндиликда таннархи 100 минг сўм бўлган тиббий хизматнинг пулли хизмат нархи 120 минг сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
«Шу кунгача эса тиббиёт муассасаларида аҳолига пулли асосда кўрсатиладиган тиббий хизмат нархини шакллантириш унинг таннархига 25 фоизгача устама қўллаш орқали амалга оширилган. Яъни таннархи 100 минг сўм бўлган тиббий хизматнинг пулли нархини 125 минг сўмгача белгилаш мумкин бўлган», — дея таъкидланади хабарда.
Таъкидланишича, ушбу қарор билан тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган пулли хизмат нархи камайтирилган — давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар учун тўловлар камида 5 фоиз арзонлашган.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, интернет нашрлари ва блогерларни қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни талқин қилишда чалғитувчи маълумотларни тарқатмасликка, юзага келаётган саволларни аниқлаштиришда расмий идораларга мурожаат қилишга чақирамиз», — дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида.
Мавзуга оид
17:40 / 29.01.2018
Қашқадарёлик ёшлар учун тиббиёт олийгоҳларидаги қабул квоталари оширилади
22:55 / 12.05.2017
Англиядаги шифохоналар катта кўламли киберҳужумларга учради
20:17 / 24.04.2017
Британияда беморнинг уйга қайтиши 4 йилга чўзилиб кетди
20:38 / 17.02.2017