Ўзбекистон | 17:40 / 29.01.2018
10760
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик ёшлар учун тиббиёт олийгоҳларидаги қабул квоталари оширилади

28 январь куни Чироқчи туманида президент раҳбарлигида Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати танқидий баҳолар асосида таҳлил этилди. Мавжуд муаммолар очиқ гапирилди, мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди. Президент Қашқадарё вилоятидаги соғлиқни сақлаш тизими, бу борада таълим олиш сифати ва тизими ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. 

«Қашқадарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор муаммолар мавжуд. Бугунги кунда вилоятда 761та врачлик штати вакант. Шунинг учун, биринчи навбатда, Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов, вилоят ҳокими Рўзиев жорий йилда тиббиёт олийгоҳларини битирувчилари ва магистрларнинг 407 нафарини иш билан таъминлашлари керак. Шу билан вакант ўринларини қоплаш чора-тадбирларини кўришлари зарур. 

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов, вилоят ҳокими Рўзиев 2018 йилда вилоятда қўшимча 60та янги хусусий тиббиёт клиникаларини қуриш ва ишлаб турган 22тасининг фаолиятини кенгайтириш чораларини кўришлари керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазирлиги вилоятда тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий ўқув юртларида Қашқадарё ёшлари учун қабул квоталарини ошириш чора-тадбирларини кўришлари зарур. Биз буни ҳамма вилоятда ташкил қила олмаймиз. Сурхондарёда тиббиёт филиалини очганмиз, уларда 5000 нафар шифокор етишмаяпти. Қашқадарёда эса мингта. Вилоятдаги барча туманлар билан гаплашиб, бу ишни ҳозирдан режа қилиб бориш керак», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид