Жаҳон | 08:14
3787
2 дақиқада ўқилади

Россия қуруқлик қўшинларининг янги бош қўмондони ким бўлиши маълум қилинди

Россия Қуруқлик қўшинларининг янги қўмондони, генерал-полковник Андрей Мордвичев Украинада жанг қилаётган «Центр» гуруҳини бошқарган. Аввалроқ бу лавозимда ишлаб келган Олег Салюков Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди.

Фото: SakhalinMedia

Россия президенти Владимир Путин 15 май, пайшанба куни эълон қилинган фармонга кўра, Олег Салюковни Россия Қуруқликдаги қўшинлари бош қўмондони лавозимидан озод этиб, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинлади. Янги бош қўмондон этиб Украинадаги жанговар гуруҳни бошқарган генерал-полковник Андрей Мордвичев тайинланди.

Май ойида Салюков 70 ёшга тўлади, бу Россия қонунчилигига кўра, генерал лавозимини эгаллаш учун максимал ёш ҳисобланади. Салюков Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқи санкциялари остида. Россия Қуруқлик кучлари бош қўмондони сифатида у, хусусан, 2014 йилдан 2025 йилгача 9 май куни Москвадаги парадларни бошқарган.

Генерал-полковник Андрей Мордвичев Украинадаги урушда фаол иштирок этяпти. 2022 йилда Мордвичев Жанубий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари этиб тайинланди. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошида унинг бошчилигидаги рус қўшинлари Мариуполни эгаллаб олди.

2023 йилда Мордвичев Марказий ҳарбий округ ва "Центр" гуруҳи қўмондони бўлди. Донецк йўналишидаги ҳужум пайтида унинг қўмондонлиги остида Авдийивка, Очеретино, Селидово, Украинск ва Курахово эгалланди.

Мавзуга оид