Жаҳон | 19:22 / 19.05.2025
1267
2 дақиқада ўқилади

Хитойда итлар учун биринчи фитнес-марказ қурилди

Инновацион марказ Сингапурнинг ҳайвонлар саломатлигига ихтисослашган Heal Petcare компанияси томонидан ташкил этилди.

Фото: AP

Хитойда итлар учун биринчи фитнес-марказ очилди, деб хабар беради South China Morning Post.

Шанхайда тез орада итлар учун мўлжалланган биринчи машғулот зали — Gogogym иш бошлайди. Айни вақтда у кўплаб уй ҳайвонлари эгалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Қайд этилишича, ушбу инновацион марказ Сингапурнинг ҳайвонлар саломатлигига ихтисослашган Heal Petcare компанияси томонидан ташкил этилган. Фитнес-мажмуа нафақат машғулотлар, балки ҳайвонлар саломатлиги учун комплекс ёндашувларни ҳам тақдим этади. Марказдан қуйидагилар ўрин олади: итлар учун югуриш йўлагига эга фитнес зона, спа ва реабилитация зонаси, массаж учун хона, ҳайвонлар учун савдо дўкони.

Марказ ходимларининг сўзларига кўра, бундай муассасани очишдан мақсад — мунтазам жисмоний юкламалар орқали ҳайвонлар саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва жароҳатдан кейинги реабилитация ёрдамларини кўрсатишдан иборат.

Экспертларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Хитойда бугунги кунда 10 миллиардлаб долларга баҳоланаётган уй ҳайвонлари соҳасининг жадал суръатларда ўсиб бораётганига яна бир далил бўлмоқда.

Мавзуга оид