Иқтисодиёт | 14:41
3127
4 дақиқада ўқилади

5,5 млрд долларлик олтин сотуви, кескин ошиб бораётган газ экспорти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2025 йилнинг 4 ойида Ўзбекистон 199 млн долларлик газ экспорт қилиб, 150 млн долларлик импортни амалга оширди. Газ сотиш 85 фоизга ошган бўлса, сотиб олиш 3 баробарга камайган. Ҳисобот даврида 5,5 млрд долларлик олтин сотилди. Бу умумий экспортнинг 46 фоизини ташкил этади. 

Фото: Getty images

2025 йил январ-апрел ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 24,6 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 3 млрд 443 млн долларга ёки 16,3 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 11,88 млрд доллар (+35,1 фоиз), импорт ҳажми эса 12,73 млрд доллар (+2,9 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 846 млн долларгача қисқарган. 

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17 фоиз), Россия (15,1) Қозоғистон (5,7 фоиз), Туркия (3,4 фоиз) ва Жанубий Корея (2,4 фоиз) билан қайд этилган.

МО мамлакатлари билан савдо ҳажми

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажмида пасайиш кузатиляпти. Хусусан, 2023 йил ва 2025 йилликнинг январ-апрел ойларида бу кўрсаткич (млн доллар ҳисобида) қуйидагича ўзгарган:

Дастлабки 4 ойликда йирик ҳамкор давлатлардан Россия, Туркия, Жанубий Корея ва Литва билан ҳам савдо айланмаси миқдори қисқарган. Хитой, Афғонистон, Франция, Германия, Ҳиндистон, БАА каби давлатлар билан эса умумий савдо ҳажми сезиларли миқдорда ошган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 5 млрд 481 млн долларлик (+60,1 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 46,1 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (5,6 фоиз), кимёвий воситалар (5,1 фоиз), минерал ёқилғилар (3,5 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (3,4 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (10,2 фоиз), ХХР (5,1 фоиз), Афғонистон (3,5 фоиз), Қозоғистон (3,4 фоиз), Туркия (2,8 фоиз), Франция (2,6 фоиз), БАА (1,5 фоиз), Тожикистон (1,3 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,2 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 32,7 фоизни ташкил этади.

Мамлакат ичида газ танқислиги билан боғлиқ вазият мавжудлигига қарамай экспорт ошишда давом этяпти. Январ-апрел ойларида 199 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 85 фоизга кўп. Бундан ташқари, 145 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (-18,8 фоиз), 72 млн долларлик электр токи (+29,6 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.

Ҳисобот даврида қарийб 90 млн долларлик автомобил ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 23,6 фоизга кам.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,9 фоиз), саноат товарлари (16,3 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:

  • Хитой – 28,1 фоиз;
  • Россия – 19,6 фоиз;
  • Қозоғистон – 7,8 фоиз;
  • Жанубий Корея – 4,5 фоиз;
  • Туркия – 3,9 фоиз;
  • Германия – 3 фоиз;
  • Ҳиндистон – 2,7 фоиз.

Газ импорти кескин қисқарган. Ҳисобот даврида150 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг атиги 34,8 фоизини ташкил этади. Шунингдек, автомобил олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январ-март ойлари давомида 964 млн долларлик (-18,6 фоиз) машина импорт қилинган.

Мавзуга оид