«МЮ» ёки «Тоттенҳэм»: иккинчи даражали еврокубок кимга кўпроқ керак?
21 май оқшомида Англиянинг инқироз ботқоғидаги икки катта жамоаси еврокубок финалида майдонга тушади.

Фото: Getty Images
Бугун, 21 май куни Билбаода Европа Лигаси финали бўлиб ўтади. Англиянинг икки жамоаси – «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» нуфуз жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган еврокубок учун ўзаро куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:55 да бошланади ва «Зўр ТВ» орқали намойиш этилади.
«Айни дамда ҳамма нарса»
Сен учун Қуддус нима, деб сўрашади машҳур филмда саркардадан. Жавоб шундай бўлади: – «Ҳеч нарса! Айни дамда ҳамма нарса...»
Агар бу иборани бошқа қаердадир қўллаш учун биргина имкониятингиз бўлса ва шу пайтгача ишлатмаган бўлсангиз, бахтлисиз. Бугун айни пайти. Бугун финалда майдонга тушадиган ҳар икки клуб раҳбарларидан тортиб, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ҳам юқоридаги сўзлар билан жавоб беришади, шубҳасиз.
Парадокс жиҳати ҳам шу ерда. Биз шу пайтгача жуда кўп финалларни кўрганмиз, бошланмасдан ғолиб аниқ бўлиб, якунда ўша жамоа кубокни кўтарган ўйинлар ҳам, охири номаълум драматик тўқнашувлар ҳам, бошланмасдан ғолиб аниқ бўлиб, кейин охири номаълум драматик тўқнашувга айланиб кетганларини ҳам кўрганмиз. Аммо доим биргина умумий жиҳат бўларди финалларда – мағлуб ҳам ҳар қанча тушкун бўлмасин, бошини юқори кўтариб тарк этарди стадионни. Ахир бир мусобақанинг ғолиби бўлишга бир ўйин масофада яқин кела олиш ҳам катта натижа, шундай эмасми?
Бугунги финалнинг ўзига хослиги ҳам шунда – йўқ, шундай эмас. Бугун ғолиб батутнинг энг тубидан учгандек осмонга сапчиши, мағлуб эса мавсум бўйича давом этган сурункали шармандаликнинг шокини бир онда ҳис қилиши мумкин.
Ҳеч қўрқинчли, ёмон туш кўрганмисиз? Уйғониб кетган палладаги ҳис бор, қанақадир шукр ҳисси, ҳозиргина кўрилганлар даҳшатли, аммо фақат туш эканини англаш... Бугунги ғолиб жамоа айнан мана шундек уйғонади, унда бутун мавсумни унутиш, ҳеч нарса бўлмагандек кечаги кундан бошлаш имконияти бўлади. Мағлуб эса яна қанча вақт ўша тушда яшайди, номаълум.
«Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» айни дамда АПЛда мос равишда 16 ва 17-ўринларни эгаллаб туришибди. Пастда фақат Чемпионшип. Сўнгги турдаги ғалаба жамоаларни нари борса 14-ўринга кўтаради. Ҳар қанақасига АПЛ тарихидаги энг ёмон натижа.
«Тоттенҳэм» Англиядаги охирги 11 ўйиндан атиги биттасини ўз фойдасига ҳал қилган. Ғалабага фақат яққол аутсайдер «Саутҳэмптон» устидан эришилган. «МЮ» ҳам қолишмайди, охирги ғалаба икки ойдан сал кўпроқ аввал, бошқа бир аутсайдер «Лестер» билан ўйинда бўлган. «Манчестер Юнайтед»да тўплар нисбати «–12», «Тоттенҳэм» эса 2025 йил лигада дарвозаси олдида энг кўп вазият яратилган жамоа саналади.
Лекин мана шу икки жамоадан бири бугун Европа Лигаси кубогини боши узра кўтариб, келаси мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ўтган йили Европа Лигасига энг қисқа йўл – Англия кубоги орқали борган «МЮ» худди шу шаклда Чемпионлар Лигаси иштирокчисига айланиши, истеъфога бир қадам турган Анже Постекўғли эса «шпорлар» билан охирги 16 йилда биринчи соврин ютган, охирги 40 йилда еврокубокда ғалаба қозонган илк мураббийга айланади. Омадсизлик ва қаҳрамонлик масофаси шунча, атиги тўқсон дақиқалик йўл бугун.
Мураббийлар жанги
«МЮ» футболчиларининг аксарияти устидан аллақачон қизил чизиқ тортилган, аввалги мураббийларда ҳам муваффақиятсизликка учраб бўлишган, мемга айланиб кетган исмлар бор. Янгилар билан алмаштирилмагунча клуб одам бўлмаслиги энг кўп айтилаётган фикр ҳисобланади. «Тоттенҳэм» эса жароҳатлар гирдобида қолди – мавсумдаги энг яхши давр қаҳрамонлари бўлган Мэддисон, Кулушевски, Бергвал каби футболчилар жароҳат олишди ва финалда шерикларига ёрдам бера олишмайди. Табиийки, бундай шароитда мураббийлар салоҳияти асосий планга чиқади. Бугун кўп жиҳатдан Аморим ва Постекўғлининг принципиал қарама-қаршилиги бўлиб ўтади, деб бемалол айтиш мумкин.
Биринчидан, юқорида айтилганидек, финалга нафақат жамоанинг балки мураббийларнинг ҳам келажаги тикилган. Постекўғлини ҳатто ғалаба ҳам қутқариб қолмаслиги мумкин, аммо ниҳоят соврин ютган мураббийга айланиш раҳбарият ва мухлислар муносабатини ўзгартириши мумкин. Аморим эса келаси мавсумда ҳам жамоани бошқариши аниқ бўлса-да, айнан келаси мавсумга тайёргарлик, трансфер бозорида кўнгилдагидек ҳаракатланиш, қисқаси, ўзи истаган футболчилар билан ўз жамоасини қуриши учун ҳам бугунги ғалаба муҳим. Қайсидир маънода Европа Лигаси кубоги ортидан келадиган ЕЧЛ йўлланмаси Аморимнинг кейинги тақдирида катта аҳамиятга эга.
Иккинчидан, АПЛ доирасидаги муваффақиятсизлик ҳар икки мураббийга ҳам финалга узоқ вақт тайёрланиш, айнан финал учун турли экспериментларни майдонда синаш учун етарли вақт бўлди. Қарийб икки ойдан бери ҳар икки жамоа мухлислари ҳам чемпионатдан умидни узган ҳолда, айнан Европа Лигасига урғу қаратишмоқда, баъзи қурбонликларни тўғри қабул қилишяпти. Постекўғли финал олдидан майдонга иккинчи таркибни ташлаб мағлубиятга учраганда ҳам ҳеч ким эътироз қилмади, аксинча, «Челси» майдонида асосий таркиб билан ўйнаган Аморимни бироз тушунишмади. Хуллас, ҳар икки мураббий тайёргарлик учун етарли вақтга ва тонус учун спарринг учрашувларга эга бўлишди. Ҳаммаси финал учун, мураббийлар айнан нималар тайёрлаб қўйгани қизиқ бўлади.
Услублар тўқнашуви
Яна мураббийлар ҳақида. Постекўғли ва Аморимда бир жиҳатдан умумийлик бор – ҳар иккиси ҳам ўз услубига содиқ ва деярли воз кечишмайди. Услуб деганда, албатта, турлича тушуниш мумкин – масалан, Постекўғли буни интенсивликда, юқори ҳимоя ва прессингда ифодалайди. Таркибда кимлар ва қандай схемада тушишидан қатъи назар мана шу базавий принципларга содиқ қолинади. Бунинг яққол намунасини биз ўтган мавсумда «Челси» билан ўйинда кўргандик. Майдонда 9 киши қолган бўлса-да, Постекўғли ҳимоя чизиғини юқорига жойлаштирган ҳолда ўйнашда давом этган ва ўйиндан кейин ҳам ҳеч қачон натижа учун услубидан кечмаслигини таъкидлаганди. Балки бу уч очкодан маҳрум қилгандир, аммо Анженинг романтизми кўпчиликни ўзига ўшанда жалб қилган ва йиллар давомида Моуринио, Конте, Нуну каби ҳимоявий мураббийлар билан зериктириб қўйган «Тоттенҳэм» чиройли футбол намойиш эта бошлаганди.
Рубен Аморимнинг услуби Анженикига тескари, унда хаос эмас тартиб, қатъий позициялар бирламчи ҳисобланади. Португалиялик мураббий аввало тўпни ва ўйинни назорат қилишга интилади, футболчиларнинг ҳаракатлари ягона тизим учун хизмат қилиши, ягона механизмни намойиш қилиши керак. Шу туфайли ёзги тайёргарликларсиз ғояларни футболчиларга сингдириш Аморим учун энг мушкул вазифага айланиб қолмоқда. Агар ҳаммаси автоматизм даражасига кўтарилса, бундан нима чиқиши мумкинлигини «Спортинг» мисолида исботланган, лекин айни меҳнат худди шундай натижани анча каттароқ, бир неча баробар кўпроқ босимга эга бўлган клубда иш берадими ёки йўқ, ҳали хулосаланмади.
Аморим ўз тизимига мос бўлган футболчиларнинг йўқлигидан азият чеккан бўлса, жароҳатлар Постекўғлининг иккинчи мавсумида энг кўп панд берган омил бўлди. Аморим ҳимоявий кўрсаткичларни сезиларли даражада яхшилаб, аммо ҳужумда, голлар уришда қийналаётган бўлса, Постекўғлига жароҳатланиб сафдан чиққан ҳимоя вакилларининг ўрни жуда билинди. Ҳар ҳолда юқори ҳимояда ўйнашда Ромеро, ван де Вен каби тажрибали футболчиларнинг ўрни беқиёс.
Хуллас, Эрик тен Ҳаг даврида ўйин картинаси йўқлигидан нолиган «МЮ» мухлислари Аморимдан, Постекўғли услубига ошиқ бўлган «Тоттенҳэм» мухлислари эса ундан, натижа учун бироз мослашувчан бўлишни, прагматик ёндашувни истай бошлади. Лекин сўнгги ўйинларда Постекўғли бироз ҳимоявий тактика танлаб, прессингдан воз кечган бўлса-да, натижа яхшиланмаяпти.
Ўзаро ўйинлар
Агар Анже Постекўғли қўл остидаги «Тоттенҳэм»нинг энг яхши ўйини қайси, деб сўрашса, кўпчилик «Олд Траффорд«»да бўлиб ўтган мавсум бошидаги ўйинни (3:0) тилга олса керак. Йирик ҳисобдан ташқари, ўша учрашувда меҳмонлар рақибни поезд мисоли эзиб ўтиб кетишганди. Бир жамоанинг иккинчиси устидан бу қадар устунлиги жуда кам бўлади – «Тоттенҳэм» кутилган голлар бўйича қарийб 5 xG яратган, йўлланган зарбалардан 10 таси дарвоза соҳасига тўғри борган, 9 та ўта хавфли вазият юзага келтирилганди. Бир томондан, айнан ўша учрашув Эрик тен Ҳагнинг курсисини қимирлатишни бошлаган, шундан кейинги илк мағлубият истеъфога сабаб бўлганди. Демак, Аморимнинг Манчестерга келишида ҳам «Тоттенҳэм»нинг иштироки бор.
Рубен Аморимнинг ўзи ҳам «Тоттенҳэм»га икки марта ютқазди. Аммо ўйиндаги фарқ у қадар яққол бўлмади. Аввалига Англия Лигаси кубогида лондонликлар 4:3, февралда эса АПЛ доирасида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу ўйинларда ҳам «Тоттенҳэм» рақибга нисбатан ишончлироқ кўринган бўлса-да, айниқса, кубокдаги ўйиннинг кўп қисми манчестерликлар назорати остида ўтганди. Яъни ушбу мавсумда «Тоттенҳэм» уч марта «МЮ» устидан ғалаба қозонгани финал олдидан статистик бир факт, холос.
Сўнгги 6 ўзаро ўйинда «МЮ» ғалаба нималигини билмаяпти – 4 мағлубият ва 2 дуранг. Аммо ундан олдин қаторасига 4 учрашув «қизилларнинг» ғалабаси билан тугаганди. Умуман, «МЮ» жами 96 ўйинда, «Тоттенҳэм» эса 57 марта ўзаро баҳсда устун келган.
Икки жамоа бирор мусобақа финалида фақат бир марта тўқнаш келишган. 2008/09 йиллар мавсумдаги Англия Лигаси кубоги финалида (0:0) пеналтилар сериясида манчестерликларнинг қўли баланд келган. 1963/64 йиллар мавсумида эса Кубок эгалари кубоги 1/8 финалида рақиб бўлишган. «МЮ» бу турнирда Англия кубоги соҳиби сифатида, «Тоттенҳэм» эса бир йил олдин худди шу турнир ғолиби бўлгани учун қатнашганди. Дастлабки ўйинда лондонликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, «Олд Траффорд»даги жавоб ўйини мезбонларнинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган.
Финал сари йўл
Давравий босқични иккала жамоа ҳам деярли бир хил темпда босиб ўтишган: «МЮ» 18 очко билан умумий жадвалда учинчи, «Тоттенҳэм» эса 1 очко кам жамғарган ҳолда 4-ўринни эгаллаганди. Аммо плей-офф босқичида манчестерликлар анча кучлироқ рақибларга дуч келганини эътироф этиш керак. Аморим шогирдлари аввал «Реал Сосиедад»ни, кейин «Лион», яримфиналда эса турнир фаворити саналган «Атлетик»ни курашдан чиқариб юборди. «Тоттенҳэм»га эса финал сари йўлда «АЗ Алкмаар», «Айнтрахт» ва «Будё/Глимт» жамоалари рақиб бўлишди.
«МЮ» ва «Тоттенҳэм»нинг турнир бошидан буён барча ўйинлари:
«МЮ»: «Твенте» (уйда) – 1:1, «Фенербаҳче» (сафарда) – 1:1, «Порту» (сафарда) – 3:3, ПАОК (уйда) – 2:0, «Будё/Глимт» (уйда) – 3:2, «Виктория Плзен» (сафарда) – 2:1, «Рейнджерс» (уйда) – 2:1, «Стяуа» (сафарда) – 2:0, «Сосиедад» (сафарда) – 1:1, «Сосиедад» (уйда) – 4:1, «Лион» (сафарда) – 2:2, «Лион» (уйда) – 5:4, «Атлетик» (сафарда) – 3:0, «Атлетик» (уйда) – 4:1.
14 ўйин, 9 ғалаба, 5 дуранг, 0 мағлубият. Тўплар нисбати: 35-18
«Тоттенҳэм»: «Қорабоғ» (уйда) – 3:0, «Ференцварош» (сафарда) – 2:1, «АЗ Алкмаар» (уйда) – 1:0, «Галатасарой» (сафарда) – 2:3, «Рома» (уйда) – 2:2, «Рейнджерс» (сафарда) – 1:1, «Ҳоффенҳайм» (сафарда) – 3:2, «Элфсборг» (уйда) – 3:0, «АЗ Алкмаар» (сафарда) – 0:1, «АЗ Алкмаар» (уйда) – 3:1, «Айнтрахт» (уйда) – 1:1, «Айнтрахт» (сафарда) – 1:0, «Будё/Глимт» (уйда) – 3:1, «Будё/Глимт» (сафарда) – 2:0)
14 ўйин, 9 ғалаба, 3 дуранг, 2 мағлубият. Тўплар нисбати: 27-13
Таркиблар
Сўнгги йиллардаги устунликка қарамай, финал олдидан «МЮ» бироз фаворит сифатида кўрилаётгани сабаби – «Тоттенҳэм» таркибидаги бир қатор етакчи футболчилар йўқлигидир. Тўғри, сафдан чиққан футболчилар Аморимда ҳам талайгина, аммо лондонликларда Мэддисон ва Кулушевскининг ўрнини босишнинг иложи йўқ. Бунинг устига Сон Хон Миннинг спорт формаси ҳам кўнгилдагидек эмас. Кореялик футболчи охирги бир ойда илк бор асосий таркибда бир неча кун олдин «Астон Вилла»га қарши майдонга тушди. Охирги уч ойда атиги 1 гол муаллифи бўлган жамоа сардори гарданига катта вазифани олиши жуда қийин. Санаб ўтилган футболчилардан ташқари, марказий ҳимоячи Раду Драгушин ҳам жароҳат туфайли майдонга туша олмайди.
«Манчестер Юнайтед» таркибида аксинча, бир қатор футболчилар сафга қайтишмоқда. Жошуа Зиркзе ва Диогу Далот ҳақида бутунлай соғайиб, тўлақонли шуғулланаётгани айтилмоқда. Далот бўйича риск қилинмаса-да, Ҳойлунднинг сўнгги ўйинлардаги ҳаракатларидан кейин Зиркзе ҳатто асосий таркибдан жой олиш эҳтимоли ҳам бор. Майдонга тушмаслиги аниқ бўлган икки футболчи бор – Лисандро Мартинес ва Матиас де Лигт.
Яна бир қизиқ ҳолат. Финал олдидан ҳар икки жамоа жума оқшомида АПЛ доирасида тур ўйинини ўтказишди. Деярли мос рақибларга қарши. «Тоттенҳэм» «Астон Вилла», «МЮ» эса «Челси»га қарши ўйнади ва ҳар икки рақиб ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган, яъни ғалаба учун майдонга тушадиган жамоалар. Оқибатда «МЮ» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам мағлубиятга учраган бўлса-да, бу ўйинга бўлган муносабат ҳар икки мураббийда фарқли бўлди ва қайси қарор тўғрироқ экани кўп муҳокама қилинди.
Постекўғли Бирмингҳэмда тўлиқ иккинчи таркибни туширди. Финалнинг илк дақиқаларидан тушиши мумкин бўлганлар ичида фақат Сон ва Сарр бўлиши мумкин, холос. Аморим эса аксинча, деярли асосий таркиб билан ҳаракат қилди. Португалиялик мураббийни кўпчилик кимдир жароҳат олиши мумкинлиги риски туфайли танқид қилган бўлса-да, мураббий финал олдидан тонус ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Шу ўринда бу фарқни мантиқий изоҳлаш ҳам мумкин. Анже «Тоттенҳэм»да иккинчи йил ишламоқда ва бу давр мобайнида жамоа энг яхши ўйинларини кўрсатиб улгурган, мураббий ўз асосий таркибини ва кимдан нималар кутишни яхшироқ билади. Аморим эса аксинча, ҳамон изланиш босқичида ва шунинг учун кўп саволларга жавоб излаган бўлишиям табиий. «Челси»га қарши ўйин тугагач, у финал учун асосий таркибни аниқлашда бу ўйин ёрдам берганини ҳам айтиб ўтганди.
Бундан ташқари, «Тоттенҳэм»дан фарқли равишда «МЮ»да таркиб нисбатан кенгроқ, бир-бирини тўлдириши мумкин бўлган футболчилар етарли экани ҳам рол ўйнаган. «Тоттенҳэм»да шундоқ ҳам бир неча етакчилар йўқ, яна бирор жароҳат таркибга анча жиддий таъсир кўрсатиши турган гап эди.
Тахминий таркиблар:
Тоттенҳэм 4-3-3: Викарио – Удожи, ван дер Вейн, Ромеро, Порро – Биссума, Бентанкур, Сарр – Жонсон, Сон, Соланке.
МЮ 3-4-3: Онана – Йоро, Магуайр, Линделоф – Доргу, Каземиро, Угарте, Мазрауи – Фернандеш, Амад, Ҳойлунд.
Дарвоқе...
Бугунги финал иштирокчилари ичида бир қатор ўзаро боғлиқликлар, умумий тарих борки, албатта, бу ҳам ўйин интригаси ошишига хизмат қилади. Масалан, «Тоттенҳэм» сафидаги энг хавфли футболчилардан бири Педро Поррони ўз вақтида Рубен Аморим «Спортинг»да кашф қилган. «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Кристиан Эриксен эса узоқ йиллар «Тоттенҳэм»нинг етакчи футболчиси бўлган ва лондонликлар либосида 300 дан ортиқ ўйинда, жумладан, олти йил олдин Чемпионлар Лигаси финалида ҳам ҳаракат қилган.
Шунингдек, Тимо Вернер ва Мейсон Маунт биргаликда «Челси» таркибида Чемпионлар Лигасини ютган, Кристиан Ромеро ва Амад Диалло ўз вақтида Гаспери қўл остида «Аталанта»да тобланишган. Мэддисон Магуайр билан «Лестер»да бирга ўйнаган бўлса, яқинда, «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Матиас Тел ва «МЮ» ҳимоячилари Мазравий ва де Лигт ўтган йили «Бавария»да эди. Юқорида тилга олинган Педро Порро «Спортинг»да ўйнаб юрганида Мануэл Угарте ҳам ўша жамоада эди.
Угарте Родриго Бентанкурнинг Уругвай миллий жамоасидаги сафдоши ҳам саналади. Каземиро Ришарлисон билан Бразилия, Ромеро эса Аргентина сафида Гарначо билан бирга ўйнашади. Мэддисон, Соланке, Магуайр, Шоу, Маунт ва Майну Англия миллий жамоасида, ван де Вен, де Лигт ва Зиркзе Нидерландия миллий жамоасида бирга ҳаракат қилишади.
Мавзуга оид

18:52 / 01.05.2025
«Тўрт оғайни ботирлар». Европа лигаси яримфиналлари олдидан

11:41 / 18.04.2025
Ремонтада «Олд Траффорд»да бўлди. «МЮ» 7 дақиқада учта гол уриб яримфиналга чиқди

13:10 / 03.03.2025
«Барселона»дан яна голлар ёмғири, «МЮ»да яна мағлубият. Кун ўйинлари

12:35 / 17.02.2025