Жаҳон | 18:59
9325
3 дақиқада ўқилади

Путин Курскка борганида вертолёти дронлар ҳужуми марказида бўлган — ОАВ

Ташриф вақтида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 46 та дронни йўқ қилган.

Фото: Александр Казаков / ТАСС

Владимир Путиннинг Курск областига сафари чоғида унинг вертолёти «Украина дронларининг кенг кўламли ҳужуми марказида бўлди», деб хабар берди ҳарбий хизматчи Юрий Дашкин «Россия» давлат телеканали эфирида.

«Олий бош қўмондон бўлган бортнинг Курск области осмонидаги парвози чоғида ҳужум интенсивлиги сезиларли даражада ошди. Шунинг учун биз бир вақтнинг ўзида ҳаво ҳужумига қарши жанг олиб бордик ва президент вертолётининг ҳаводаги хавфсизлигини таъминладик. Вазифа бажарилди: душман дронларининг ҳужуми қайтарилди ва барча ҳаво нишонлари йўқ қилинди», – дейди Дашкин (иқтибослар «Вести» сайтидаги видеодан).

У президент Курск областида ишлаётган вақтда душман дронлар билан мисли кўрилмаган ҳужум уюштиргани, бу ҳудуддаги ҳаво ҳужумидан мудофаа гуруҳи самолёт типидаги 46 та дронни йўқ қилгани ҳақида гапирган.

«[Президент вертолёти] амалда душман дронларининг оммавий ҳужумини қайтариш марказида эди», – дея қўшимча қилган у.

Телеэфирда Дашкин ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизияси қўмондони сифатида таништирилган, бошқа тафсилотлар, шу жумладан унвони келтирилмаган. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Дашкин генерал-майор унвонида уч карра совет иттифоқи қаҳрамони, авиация маршали А. И. Покришкин номидаги 32-ҳаво мудофааси дивизиясининг қўмондони лавозимида хизмат қилади.

Путин 20 май куни Курск областига ташриф буюрганди, бироқ унинг ташрифи ҳақида фақат кейинги куни расман эълон қилинди. «Агентство»нинг қайд этишича, Россия президенти ҳудуд бўйлаб автомобилда ҳаракатлангани хабар қилинган. Хусусан, «Коммерсант» махсус мухбири Андрей Колесников шундай деб ёзган эди: «Президент кортежи област бўйлаб ҳаракатланаётганда осмонда Украина қуролли кучлари дронлари бўлган - мен кўрган видеокадрларда уларни пайқамаслик мумкин эмас». Путин кортежи Курск областида бўлгани ҳақидаги кадрлар Россия телевидениесининг Биринчи каналида ҳам кўрсатилган.

Путин Украина билан чегарадош ҳудудга қай мақсадда борганига аниқлик киритилмаган.

Апрел ойи охирида Россия мудофаа вазирлиги регион Украина ҳарбийларидан тўлиқ озод этилганини эълон қилганди (аслида Украина қуролли кучларининг кичик миқдордаги ҳарбийлари гуруҳи Россия ҳудудида қолишда давом этмоқда).

Путин Курск областига сафари чоғида муниципалитетлар раҳбарлари билан ҳам учрашди. Курск областининг Глушковский райони раҳбари Павел Золотарев ушбу йиғилишда Курск областининг чегара ҳудудлари хавфсизлиги учун Украинанинг Суми шаҳрини Россияга қўшиб олиш кераклигини айтди. Путин бунга жавобан шундай «ҳазил қилган»: «Шунинг учун ҳам Александр Евсеевич [Хинштейн] [Курск области раҳбари] этиб сайланди, у ҳам шуни хоҳлайди – ҳаммадан кўпроқ».

Россия мудофаа вазирлиги украинларнинг Курск области узра уриб туширилган дронлари ҳақида мунтазам тарзда хабар бериб келади.

Мавзуга оид