Интернетда Чорсу бозори яқинида ағдарилиб ётган кранлар тасвирлари пайдо бўлди
Олой бозори яқинида жойлашган бизнес марказида келиб чиққан ёнғин атрофидаги шов-шувлар совиб улгурмасдан, интернетда пойтахтимиздаги Чорсу бозори олдида қурилиш олиб бораётган кранларнинг ағдарилиб ётгани тасвирланган суратлар пайдо бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратлардан кўриниб турибдики, пойтахтимиздаги Чорсу деҳқон бозорининг “гўшт бозори” номи билан машҳур қисми яқинидаги арка олдида қурилиш олиб бораётган кранлар кўнгилсиз ҳолга келган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қолдирган изоҳлардан маълум бўладики, ушбу кранлар кеча, 18 сентябрь куни тунги 21:00 атрофида бу ерга йўл устидаги аркани бузиш учун келтирилган.
Тахмин қилиш мумкинки, арка бузилаётган вақтда унинг бир қисми кранлар устига қулаб тушган.
Ҳодиса туфайли Чорсу бозори атрофида автомобиллар тирбандлиги вужудга келган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирча расмий ахборотлар берилгани йўқ.