Жамият | 17:26 / 13.01.2016
45909
5 дақиқада ўқилади

"Дунёдаги энг хунук аёл" қандай қилиб бахтли бўлишни ўргангани ҳақида

Техас штатида истиқомат қилувчи 26 ёшли Лиззи Веласкес баъзи бир интернет ресурслари томонидан “дунёдаги энг хунук аёл” деб топилди. Аммо, таъкидланишича, аёл бундан тушкунликка тушмаган, негаки ўзини шундайлигича қабул қилишни ўрганган.

Бу ҳақда у “Дунёдаги энг хунук аёлнинг энг бахтли аёлга айланиш тарихи” номли китобида ҳикоя қилиб берди.Лиззи Веласкес камёб хасталикка чалингани боис унинг юзи ниҳоятда нотабиий шаклга эга. Шу боисдан кўпчилик унинг ташқи қиёфасини қабул қила олмаслиги мумкин.

“Туғилганимда ҳеч ким бундай бўлишини гумон қилмаган эди, - деб ёзади аёл китобида. – Болалигимда ҳамма қатори ўсардим, фақат жуда озғин эдим. Кейин эса нимадир нотўғри кетгани билинди. Синглим бор эди, у ҳамма қатори оддий эди. Мен эса бошқача эдим. Ота-онам мени кўп шифокорларга олиб боришди, аммо хасталигим бедаво бўлиб чиқди”.

Генетик хасталик оқибатида Лиззи вазн тўплай олмайди. Унинг бир кўзи мутлақо кўрмайди, иккинчиси эса хира тортган. Мактаб йилларида у икки марта жарроҳлик амалиётидан ўтказилган, бир неча марта қони алмаштирилган. Иммунитетининг ниҳоятда заифлиги боис оддий шамоллаш туфайли икки ҳафталаб ётиб қолиши мумкин. Тиббиёт унинг хасталигини энди ўрганяпти.

13 ёшда Лиззи Техас университети доктори Абхиманью Гаргнинг генетик тадқиқотларида иштирок этди. Текширув якунларига кўра бу янги туғилганларда кузатиладиган, эрта қариш, танада ёғ қатламининг йўқ бўлиши ва тўқималар дистрофиясига олиб келадиган прогероид синдроми эканлиги тахмин қилинди. Ушбу касалликнинг давоси бугунга кунга қадар топилган эмас.

Шунга қарамай, Веласкес хоним тушкунликка тушмайди. У ҳаётдан роҳат олиб яшашга ўзини ўргатди ва эндиликда бошқаларнинг фикрини деб уйга қамалиб олишни истамайди.

“Умрим бўйи ғалати нигоҳлардан қутула олмадим, мени қўл билан кўрсатишларига ўрганиб қолганман, - дейди у. – Айрим бегона инсонлар эса менга ҳақоратли сўзлар ҳам айтишади. Нега бошқа қизларга ўхшамайман, деган саволлар мени қийнаб келган. Атрофимдагилар мендан кўра бахтлироқ, деб ўйлардим. Ўзимдан ва бутун дунёдан жаҳлим чиқарди”.

“Бир куни ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим дарс қилиш ўрнига YouTube’да ўтиргандим, - сўзида давом этади аёл. – Бирор ёқимли мусиқа қидираётгандим, аммо унинг ўрнига бош қаҳрамоним бўлган видеороликка дуч келдим. Бу менинг ҳаётимни тескари буриб юборган палла бўлди.

Саккиз секундли ролик “Дунёдаги энг қўрқинчли аёл” деб аталарди. Мусиқасиз бу видео қисқа муддатда 4 млн марта кўрилган ва ўн минглаб изоҳлар тўплаган эди. Улар мени муҳокама қиларди. Бу мени қандай азобларга дучор қилганини сўз билан тушунтириш қийин. Тасаввур қилинг, кимдир интернетга расмингизни жойлаштириб, сизни дунёдаги энг хунук инсон деб атаса, минглаб одамлар эса унинг фикрига қўшилса ва муҳокамада иштирок этса...”.

Шунга қарамай, аёлнинг таъкидлашича, айнан шу воқеа унинг оиласини янада жипслаштирган. Ва ахийри у бошқаларга ўхшаш ҳаракатларини ташлаб, ўзини борича қабул қилишни ўрганган:“Ич-ичимдан мен яхши феъл-атворли ажойиб қизлигимни билардим.

Ташқи кўриниш шахсиятимни кичик бир қисмидир, ва бошқалар мен ҳақимда гапирганида унга асосланишига йўл қўймаслик лозим. Мен шунчаки ўзимдан нафратланишдан чарчадим. Ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим. Биринчи навбатда, рўйхат туздим. Яхши нарсаларни кўришни ўргана бошладим”.

Ниҳоят, Лиззи бу ҳаётда ўз ўрнини топа олди:“Диний таълим якунланганидан сўнг ўзим ҳам диндан дарс беришга қарор қилдим. Икки энг яхши дўстим билан уч йил давомида иккинчи синфларга диндан дарс бериб келдик. Бу ажойиб ҳаётий тажриба бўлди.

Ҳозир мен 26 ёшдаман. Техас университетида жамоатчилик билан алоқаларни ўрганмоқдаман. Қийин кунларимда бугунгидай бахтли бўлишим хаёлимга ҳам келмас эди. Ҳаётим рисоладагидай, деб айта олмайман. Ҳар қандай инсон ҳам бошқаларнинг у ҳақдаги фикрларига қизиқади. Лекин асосийси – менинг ўз тақдирим бор. Ҳаёт осон эмас, лекин бу менинг ҳаётим”.