Иқтисодиёт | 16:50 / 27.02.2016
6896
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги “Олой” ва “Миробод” деҳқон бозорларини таъмирлаш учун 15 миллиард сўм ажратилади

Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтказилган брифингда “Тошбозорсавдо” уюшмаси мутасаддилари пойтахт бозорларида жорий йилда олиб бориладиган қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди.

Аниқланишича, ҳозирда уюшма тизимида 14 та ОАЖ ҳамда 7 та МЧЖ фаолият олиб боради ва улар ихтисослашуви бўйича 12 та деҳқон бозори, 1 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, 2 та ихтисослашган бозор ҳамда 6 та савдо комплексидир.

Сўнги 7 йилда бозор фаолиятини ривожлантириш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш, сотувчи ва харидорлар учун яхши шароитлар яратиш мақсадида 63,6 миллиард сўмлик қурилиш, қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Уюшма мутасаддилари жорий йилда Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори, Авиасозлар, “Наврўз”, Сергели ҳамда  “Юнусобод” деҳқон бозорларидаги каби бунёдкорлик ишлари “Олой” ҳамда “Миробод” деҳқон бозорларида ҳам олиб борилиши режалаштирилаётганини маълум қилдилар.

“Мазкур ишларнинг давоми ўлароқ, жорий йилда шаҳар марказида жойлашган “Олой” деҳқон бозори ҳамда “Миробод” деҳқон бозорида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилади,- дейди “Тошбозорсавдо” уюшмаси бошқарма раиси Соҳибжон Неъматуллаев. Мутахассислар мазкур бозорларни ўрганиб, павильонлар таъмирга муҳтож эканини аниқлашди. Бу бўйича махсус лойиҳалар тайёрланди. Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларига 15 миллиард сўм маблағ ажратилади. Насиб этса, миллий қадриятлар ва анъаналар уйғунлашган шарқона савдо мажмуаларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигинг 25 йиллик байрамига топширишни режалаштирилаяпмиз.

Маълумотларга кўра, “Олой” бозори ихчам, кўркам, қулай ва янги савдо расталарга эга комплекс кўринишини олади. “Миробод” деҳқон бозорининг эса том ва фасад қисми таъмирланиб, атрофи замонавий ҳолатга келтирилади.

“Таъмирлаш пайтида савдо фаолияти тўхтамайдими”, дея берилган саволга, мутахассис “Йўқ. Чунки бу бозорларга кўникканлар кўп. Таъмирлаш махсус режа асосида ўтади. Фақат қурилиши режалаштирилган жойлар, ўраб олинади. Савдолар фаолияти давом этади”, дея жавоб қайтарди.