Спорт | 16:13 / 03.05.2016
4566
2 дақиқада ўқилади

Раньери «Лестер»нинг чемпионлиги учун ёрдам берган «Челси» мураббийига миннатдорчилик билдирди

Лондоннинг «Челси» жамоаси бош мураббийи Гуус Ҳиддинк АПЛнинг 36-турида «Тоттенҳэм»га қарши кечган учрашувдан сўнг (2:2) «Лестер» устози Клаудио Раньери унга қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдирганини маълум қилди. Бу ҳақда «нафақахўрлар» жамоаси твиттерида хабар қилинган.

«Ўйин тугашидан кўп вақт ўтмай Раньери менга қўнғироқ қилди ва «Челси»нинг иккинчи бўлимдаги ўйини учун миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида, мен уни чемпионлик билан табрикладим.

Мавсум ўртасида турнир жадвалини бошқариш тасодифий бўлиши мумкин, аммо «Лестер» охиригача матонат билан курашди.

Мен Раньерининг кўз ёшларини кўрмадим. Чунки, суҳбат видеоалоқада эмасди. Аммо, унинг овози қалтираб чиқди. У беш марта раҳмат айтди», — дейди Ҳиддинк

Эслатиб ўтамиз, АПЛнинг 36-туридан ўрин олган марказий учрашувда «Челси» биринчи бўлимдан кейин «Тоттенҳэм»га 0:2 ҳисобида ютқазаётганди, аммо танаффусдан кейин мувозанат тикланди. Бу натижа туфайли «Тоттенҳэм» «Лестер»ни қувиб ета олмаслиги маълум бўлди ва Раньери шогирдлари ўз тарихларида илк марта Англия чемпионига айланишди.

The Sun хабарига кўра, Раньери чемпионлик учун 5 миллион фунт стерлинг миқдорида мукофот пули олади.

Мавсум якунига 2 тур қолганида «Лестер» 77 очко тўплади. Жамоани таъқиб этиб келган «Тоттенҳэм» эса 70 очко билан қолиб, биринчи ўрин учун курашни тўхтатди.

Мавзуга оид