Жаҳон | 15:40 / 23.05.2016
13057
5 дақиқада ўқилади

Ҳалок бўлаётган болалик

Куни кеча БМТ қуролли тўқнашувлар ва табиий офатлар натижасида ўзларининг киндик қони тўкилган юртларидан бош олиб кетишга мажбур бўлган 30 миллионга яқин боланинг билим олиши йўлида Таълим дастурини молиялаштиришга қаратилган глобал жамғарма ташкил этишга қарор қилганини билдирди. БМТнинг глобал таълим масалалари бўйича махсус вакили Гордон Брауннинг айтишича, янги жамғарма келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган Гуманитар масалалар бўйича жаҳон саммитида расман ташкил қилинади. У ўз сўзида БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), ЮНЕСКО, БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлик бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт Даструри, Жаҳон банки ва бошқа халқаро агентлик, ноҳукумат ташкилотлари ва донорларнинг уч йиллик сермаҳсул фаолияти натижаси ўлароқ янги жамғарма ташкил қилинаётганини таъкидлаб ўтди. Гордон Браун янги жамғарма янги ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлашига умид билдирди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, БМТ таълим даструрларига мунтазам равишда маблағ топа олмаётгани боис янги жамғара ташкил этилмоқда. Қочқин ва муҳожирларга ажратилаётган маблағларнинг атиги 2 фоизигина қочқин болаларнинг таълимига сарфланади. Буюк Британия собиқ бош вазирининг айтишича, бошига кулфат тушган дунё болаларининг таълим олишлари учун халқаро хамжамият 3,9 миллиард доллар тўплаши керак бўлади. Айни дамда БМТ расмийлари жамғарма олдида турган вазифаларни ва ажратилиши керак бўлган молиялар миқдорини ўрганиб чиқмоқда. Гап шундаки, айрим мамлакатлар жабрдийда мамлакатларга икки томонлама битимлар асосида ёрдам бермоқда. Жамғармага тўпланадиган маблағлар миқдори таҳлил қилинаётганида айни шу вазият инобатига олинади, деди Гордон Браун. 

БМТ вакилларининг айтишича, муҳожирларнинг болаларига таълим бериш орқали уларга порлоқ келажак совға қилинади ҳамда болаларнинг радикал гуруҳлар сафларига кириб қолишининг олди олинади. Шунингдек, яхши ҳаёт орзусида болаларнинг Европа сари йўлга чиқишларига барҳам беради.

БМТнинг Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) Европага катталарнинг ҳамроҳлигисиз келган болаларни ҳимоя қилиш йўлида зудлик билан чора-тадбирлар кўрилишига даъват қилмоқда. ЮНИСЕФ вакилларининг айтишича, бу болалар олдида катта хавф турибди. Улар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг қўлига тушиб қолиши мумкин экан. Интерпол маълумотларига кўра, бедарак йўқолган муҳожир ва қочқинларнинг ҳар тўққизтасидан биттасини болалар ташкил қилади.

Словениядаги муҳожирлар марказида бўлган болаларнинг 80 фоизидан ортиғи бедарак йўқолиб қолди. Швецияда ҳар ҳафтада йўқоладиган муҳожир болаларнинг 10 фоизини болалар ташкил қилади. Йил бошидан бери Германияда 4,7 мингдан ортиқ бола йўқолиб қолди. Уларнинг ҳаммаси Германияга катталарнинг ҳамроҳлигисиз келгани аниқ бўлди. БМТ Болалар жамғармаси Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларга мурожаат қилар экан, муҳожир ва қочқинларнинг болаларига оид қабул қилинадиган ҳар қандай қарор болалар манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини эслатиб ўтди. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ўтган йили 96 ярим мингдан ортиқ бола Европа мамлакатларидан бошпана сўраган. 

Қуролли тўқнашув ва беқарорликлар туфайли 4,5 миллион бола Сурия, Афғонистон, Сомали, Судан ва Жанубий Суданни тарк этган. Низолар давом этаётган минтақаларда қолиб кетган болаларнинг ҳаёти хавф остида экани айтилади. Гоҳида болалар ўлдирилади. Ўғирланган болалар эса жангарилар сафида фаолият юритишга мажбур қилинади. Айримлари қуллика сотиб юборилади. 

Қуролли мажоро, зўравонлик, очлик ва қулликдан ер юзида миллионлаб болалар азият чекмоқда. Йўқотилган болаликни бошдан кечирган нигериялик 9 ёшли қизча терроризмнинг болаларга таъсири хақида китоб ёзди. Сплендор Жо Абиса мамлакат шимолидан қочиб кетган болаларнинг ҳаётини тасвирлашга уринган. Унинг битта фикри диққатга сазовордир. У ёзади: “Террорчиларнинг ҳаммаси қачонлардир бола бўлган. Агар уларга ўз вақтида таълим берилганида-ми, улар балки террорчи бўлмасмиди”. Китобнинг чиқишига қизчанинг ота-онаси анча меҳнат қилди. Урушлар худди терроризм каби юз минглаб болаларнинг ҳаётини издан чиқариб юбормоқда.

Ҳар йили бедарак йўқолаётган болалар сони ошиб бормоқда. Либерияда кузатилган Эбола эпидемиясидан кейин 70 мингга яқин боланинг дом-дараги чиқмади. Ҳар йили Европада чорак миллионга яқин бола йўқолиб қолади. Бугунги кунда дунёда 168 миллионга яқин бола меҳнат қилишга мажбур этилмоқда. Шундан 5 миллиони қуллик шароитларида ишлайди. Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатларда 78 миллион, Тропик Африкада эса  59 миллион бола, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида 13 миллион, Яқин Шарқ ва Шимолий  Африкада 9 миллиондан ортиқ бола меҳнатга қилишга мажбур қилинади.

Шарофиддин Тўлаганов