Жаҳон | 00:38 / 18.10.2016
22146
3 дақиқада ўқилади

Bild нашри Путинни Сурия учун "жазолаш йўлларини таклиф қилди"

Фото: © AP

Bild немис нашри Россия президенти Владимир Путинни Яқин Шарқда "тўхтатиш" учун Россияга қарши 5 та қўшимча жазо чораларини қўллашни таклиф қилди. Нашр Россияга "хайтек-эмбарго" қўллаш, Россия газидан воз кечиш, 2018 йилги жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилиш, Европа Иттифоқига кириш тақиқланган россияликлар рўйхатини кенгайтириш ва ниҳоят, Сурияда парвозлардан холи ҳудудни яратишни таклиф қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Путин Ўрта Ер денгизига "Адмирал Кузнецов" авиаташувчи кемасини жўнатиб, Суриядаги ихтилофни сиёсий йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор эмаслиги ҳақида аниқ тушунча берди. "Унга ҳарбий ғалаба керак", деб ёзмоқда нашр.

Нашр Путинни тўхтатиш учун Россияга қарши 5 та жазо чораси қўллашни таклиф қилди.

Нашр бошига Россияга нисбатан "хайтек-эмбарго" киритишни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, "хорижий ноу-хаусиз, мисол учун бошқаришнинг электрон тизимларисиз Россия захиралар ҳам ололмайди, қуроллар ҳам ярата олмайди". 

Бу ғояни Европарламентнинг ташқи ишлар қўмитаси раҳбари Эльмар Брок ҳам қўллаб-қувватламоқда: "Агрессор урушнинг оқибатлари бўлишини билиб қўйиши лозим. Шунинг учун бизга хайтек-технологияларга эмбарго керак", деб айтди у.

Нашр 2-жазо тариқасида ""Шимолий оқим" ва кейинчалик "Шимолий оқим-2" газ қувуридан воз кечишни таклиф қилмоқда. 

"Путин ўз урушини газни сотишдан олинадиган даромадлардан молиялаштиради. Шунинг учун биз янги газ қувури қурилишининг олдини олишимиз керак", деб яшиллар партияси мутахассиси Омид Нурипурнинг сўзларини келтириб ўтди нашр.

Нашрнинг фикрича, кейинги жазо Европа Иттифоқига кириши тақиқланадиган россияликлар рўйхатини кенгайтириш бўлади. "Рўйхатни осон кенгайтириш мумкин, мисол учун, “Роснефть” ва “Газпром” каби йирик компаниялар раҳбарлари ҳисобига", деб таъкидламоқда нашр.

2018 йилда Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. "Бу пуллар ва обрў келтиради. Мусобақанинг бойкот қилиниши Путинга икки карра кучлироқ зарба бўлади. Худди шу чора 2017 йилда ўтадиган Конфедерациялар кубогига ҳам тааллуқли", деб давом эттирмоқда нашр.

Немис нашри охирги жазо чораси сифатида Сурияда парвозсиз ҳудудни яратишни таклиф қилмоқда. "Бу бомбардимонларни тўхтатишнинг энг ойдин, бироқ шу билан бирга хавфли йўлидир. АҚШ парвозларга тақиқловни ўрнатиш учун Россия авиациясига қарши жанговар ҳаракатларга тайёр бўлиши керак", деб ўз таклифларини интиҳолади немис нашри.

 

Мавзуга оид