Дунё миллиардерлари кўчиб бораётган энг қулай давлат қайси?
АҚШ ва Европадаги сиёсий ҳамда иқтисодий беқарорлик фонида имкони бор кишилар Тинч океанининг жанубидаги кичик давлатга кўчиб ўтишмоқда.
Ҳонгконглик молиячи Майкл Нок 2008 йилги молиявий инқирознинг салбий оқибатларидан қочиб, дунёнинг бир чеккасидаги, одамларидан сигирлари кўп бўлган мўъжазгина мамлакатга эътибор қаратган.
Doric Capital Corp. асосчиси Нок Янги Зеландиядаги гўзал маскан - Куинстаунда қўним топган. Ўшандан буён етти йил ўтди, Европа ва АҚШдаги террорчи таҳдидлар ва сиёсий беқарорлик бадавлат кишиларни Тинч океани жанубидан бошпана излашга мажбур қилмоқда.
Янги Зеландиянинг узоқлиги россиялик пўлат магнати Александр Абрамов ва Ҳолливуд режиссёри Жеймс Кэмерон учун ўзига хос устунликка эга бўлди.
Майкл Нок айтганидек: “Янги Зеландияга қарши “ишловчи” масофа ҳозирги нотинч дунёда унинг қадрини оширмоқда”.
Нокнинг икки гектарли кўчмас мулки Франциядаги масканнинг шарафига “Живерни” (рассом Клод Моненинг уйи ва боғи жойлашган жой), деб аталади. Молиячининг сўзларига кўра, бу ерда “кулгили эски ферма” сув ҳавзалари ва эски дарахтлар билан ўралган. У омборхонани студияга айлантирган – у ердан шундоққина Шотовер дарёсини кўриш мумкин.
Янги Зеландия майдонига кўра, Англиядан икки карра катта бўлса-да, бу ердаги аҳоли сони у ердагидан икки баробар камдир. Мамлакат демократия ривожи, коррупциянинг йўқлиги ва тинчликсеварлиги билан анчадан бери турмуш сифати рейтингларида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келади. Унинг ЯИМ 250 миллиард Янги Зеландия долларини (180 миллиард АҚШ доллари) ташкил қилади. Мамлакат иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва туризм олдинги ўринларни эгаллайди. Яқинда ўтказилган HSBC Holdings Plc.сўровномасига кўра, Янги Зеландия бизнесни йўлга қўйиш учун дунёнинг энг яхши мамлакати сифатида тан олинди.
Жорий йилда Янги Зеландиядаги турар-жойлар нархи 12,7 фоизга ўсди, энг йирик шаҳри Оклендда эса ўртача нархлар 2007 йилдан бери деярли икки баробарга ошди ва ҳозирда 1 миллиондан ортиқ Янги Зеландия долларини ташкил қилади.
New Zealand Herald’нинг маълум қилишича, апрель ойида Alibaba Group электрон савдо гиганти Жек Ма бош вазир Жон Кига “юртингизда уй сотиб олмоқчиман”, деб айтган. Газетада ёзилишича, Манинг камида 20 ҳамкасби бу ишни амалга ошириб бўлган.
Собиқ валюта трейдери Ки Янги Зеландияни “олифтагарчиликсиз Англия”, дея таърифлаган. Сўнгги 17 йил давомида бу ерда атиги икки марта раҳбар ўзгарган, терроризмга ўхшаш ёқимсиз ҳодиса охирги марта 1985 йилда содир бўлган - ўшанда ҳам француз разведкаси агентлари Оклендда табиатни муҳофаза қилувчи Гринпис ташкилотининг кемасини портлатиб юборишганди.
Айнан шу барқарорлик “Узуклар ҳукмдори” ва “Ҳоббит”дан кейин машҳур бўлиб кетган оролга Brexit туфайли кўчиб келаётган муҳожирлар эътиборини қаратган.
Миграция хизмати маълумотларига кўра, Brexit’нинг эртасигаёқ Янги Зеландия мамлакатга кўчиб ўтиш истагини билдирган 998 нафар Британия фуқаросининг аризасини қабул қилган, кейинчалик бу рақамлар 10 647 нафарга кўпайган.
Окленддаги дунёнинг энг йирик миграцион агентлиги - Malcolm Pacific Immigration’нинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича директори Дэвид Купер шундай дейди:
“Агар дунё жаҳаннамга айланса, Янги Зеландия сайёрадаги энг яхши жой бўлиб қолади. Одамлар хавфсиз жойда яшашни хоҳлайди ва шу боис бу ерга интилишмоқда”.
Сўнгги бир неча ой ичида Ҳиллари Клинтон ва Дональд Трамп ўртасидаги шиддатли кураш, шунингдек оммавий жойларда отишмаларнинг кўпайиши фонида Купер АҚШ фуқароларидан келиб тушаётган аризаларнинг кескин ўсишини кузатмоқда.
Интернет-тадбиркор Ким Дотком 31 октябрь куни ўзининг твиттерида шундай ёзув қолдирган:
“Дунё йирик инқирозга юз тутмоқда. Мен унинг яқинлашаётганини кўрдим, шу боис биз Янги Зеландияга кўчиб ўтдик. Энди биз узоқдамиз ва бизга ҳеч кимнинг ракетаси қаратилмаган”.
Германияда таваллуд топган Megaupload.com асосчиси 2010 йилдаёқ бу ердан доимий яшаш жойига эга бўлган, лекин ҳозир АҚШ томонидан келиб тушаётган экстрадиция талаблари билан курашмоқда.
Окленддаги Graham Wall Real Estate Ltd кўчмас мулк савдоси агенти Олли Уоллнинг сўзларига кўра, Нью-Йорк ва Лондонда ишлаган омадли янги зеландияликлар ҳам оилалари билан бирга ўз ватанларига қайтишмоқда. 2013 йилда фирма Янги Зеландиядаги энг қиммат битимни имзолади – Окленд яқинидаги етти ётоқхонага эга ҳашаматли уй келиб чиқиши хитойлик бўлган ишбилармонга 39 миллион Янги Зеландия долларига сотилган. Уолл шундай дейди:
“Дунё торайди. Эндиликда трансмиллий корпорацияни тўғридан-тўғри жаннатдан бошқариш мумкин!”
Fidelity National Financial Inc директорлар кенгаши раиси Биллу Фоли Веллингтон шимолидаги Вайрарапа ҳудудидаги ҳашаматли қароргоҳда истиқомат қилади. Нью-Йоркнинг Tiger Management LLC директорлар кенгаши раиси Жулиан Робертсон эса Куинстаун яқинидаги икки энг нуфузли гольф майдони ва ажойиб дала ҳовлига эга. У “Янги Зеландия – Ер шаридаги энг чиройли жой” эканлигини таъкидлайди.
Facebook инвестори, PayPal ҳаммуассиси ва миллиардер Питер Тиль 2011 йилда Янги Зеландияни утопия, дея таърифлаган ва маълумотларга кўра, Окленд ва Куинстаундан турар-жой харид қилган.
Янги Зеландия бадавлат кишиларни фаол жалб қилиб келмоқда. Агар уч йил давомида муҳожир мамлакат иқтисодиётига 10 миллион Янги Зеландия долларини киритган ҳамда сўнгги икки йилда 44 кун вақтини оролда ўтказган бўлса, у бу ердан доимий турар-жойга даъвогарлик қилиши мумкин бўлади. Бундай инвестор инглиз тилида гапиришга мажбур эмас, малака даври тугагандан кейин эса у мамлакатда яшаши ва солиқ резиденти бўлиши керак.
Мавзуга оид
14:26
Янги Зеландияда маори депутатлари баҳсли қонун лойиҳасига норозилик билдириб, мажлисда рақсга тушди
20:12 / 29.10.2024
TikTok асосчиси Хитойнинг энг бадавлат инсонига айланди
00:08 / 20.10.2024
Янги Зеландия аэропортида йўловчилар ва уларни кузатгани чиққанларга 3 дақиқадан ортиқ қучоқлашиш тақиқланди
01:09 / 10.10.2024