Жаҳон | 10:47 / 24.11.2016
37387
2 дақиқада ўқилади

Лос-Анжелес шоссесидаги улкан тирбандлик қандай бўлиши намойиш этилди

Лос-Анжелеснинг 405-шоссесида вужудга келган йирик тирбандлик дрон ёрдамида видеотасвирга олинди. Видеоёзувлар 23 ноябрь куни ABC7 телеканалининг Facebook саҳифасида эълон қилинди.

405-шоссе Лос-Анжелес шаҳрининг шимолий қисмини жанубдаги Сан-Фернандо воҳаси билан боғловчи асосий магистрал йўл ҳисобланади. Тирбандликларнинг вужудга келиши эса, АҚШда нишонланадиган Шукроналик куни билан боғлиқ. У ҳар йилнинг ноябрь ойи тўртинчи пайшанбасида тантана қилинади. 2016 йилги байрам санаси 24 ноябрга тўғри келади. 

Бу куннинг байрам қилиниши тарихи Америка ерларига илк англияликларнинг келиб тушишига бориб тақалади. Ривоятларга кўра, 1620 йили «Мэйфлауэр» кемасида келган муҳожир-кўчманчилар қиш мавсумини қийинчилик билан ўтказишади, 1621 йил кузида кўп ҳосил олгач, Яратганга шукрона келтириб, байрам қилишади. 

Байрамнинг биринчи кунида европаликлар ўзлари билан бирга олиб келган курка гўштидан тайёрланган таомни дастурхонга тортишади. Шукроналик кунини миллий байрам сифатида нишонлаш таклифини АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон таклиф қилган.

Мавзуга оид