Жаҳон | 15:43 / 03.01.2017
23118
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Истанбул теракти ижрочиси профессионал қотил бўлган

Истанбулда Янги йил куни тунги клублардан бирига бостириб кириб, одамларни қирғин қилган шахс профессионал қотил бўлган бўлиши мумкин. Hurriyet Daily News нашрининг хавфсизлик хизматидаги манбаларига асосланиб хабар қилишича, у махсус тайёргарликдан ўтган қотилдир.

«У аввалдан режа қилган ҳолда, натижага эришиш учун аниқ ва совуққонлик билан ҳаракат қилган», — деган аксилтеррор чоралар бўйича эксперт Абдулла Агар.

Унинг фикрича, ушбу террорчи муқаддам урушларда иштирок этган. Бундан ташқари, унинг ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, «у шубҳасиз аввалдан қонхўр қотил бўлган ва кўп марталаб одамларни ўлдирган».

Бундан олдинроқ Туркия полицияси теракт ижрочисини қидириш бўйича махсус амалиётда муваффақиятга эриша олмаётгани айтилганди.

1 январь куни Истанбулнинг Европадаги қисмида жойлашган Ўртакўча туманидаги тунги клубда янги йил кечаси теракт содир этилди. Бу ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлди ва 69 киши жароҳатланди. Қурбонларнинг 24 нафари хорижлик эди.

Мавзуга оид