Спорт | 14:28 / 06.01.2017
9474
3 дақиқада ўқилади

2013-2016 йилларда Ўзбекистонда олимпия спорт турларига 46,5 млн доллар сарфланди

Бугун Миллий олимпия қўмитасининг XXX Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов олиб борди. Унда тўрт йиллик олимпия циклида қилинган ишлар, эришилган натижалар борасида ҳисобот берилди

Ҳисоботда 2013-2016 йиллар мобайнида Рио-де-Жанейродаги XXX ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақиятли иштирок этиши учун жуда катта кўламда иш олиб борилгани қайд этилди. 

Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида” 2013 йил 25 февралдаги 1923-сонли қарори билан тасдиқланган Дастур асосида амалга оширилган. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси таркибига ўзгартириш киритилиб, янги бошқарма ва бўлимлар ташкил этилди. Жойларда иш фаолиятини янада жонлантириш мақсадида Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларида ҳудудий вакилларнинг фаолияти йўлга қўйилди. 

Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, дастурга мувофиқ 14та олимпия спорт тури бўйича республика федерация ва ассоциациялардан 28та спорт турларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳомийлар бириктирилган. Уларга 2013-2016 йиллар давомида жами 46,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Бу маблағлар олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг моддий-техник базалари янада такомиллаштирилишига сарфланган. Жумладан, Тошкент шаҳрида дзюдо, бокс, гимнастика, қиличбозлик, эшкак эшиш, таэквондо WTF, теннис, спорт курашлари, оғир атлетика, велоспорт ва Паралимпия спорт турлари бўйича спорт базалари ҳамда марказлари ишга туширилган. 4 йил мобайнида Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларга бириктирилган 88та спорт базасидан деярли барчасида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, уларнинг моддий-техник базаси замонавий талаблар асосида янада такомиллаштирилган. Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 декабрдаги 346-сонли қарори асосида спорт турлари бўйича терма жамоаларга 14 нафар хорижий мутахассис жалб этилган.

Қайд этиш керакки, амалга оширилган улкан ҳажмдаги ишлар ўз самарасини берди ва ўзбекистонлик спортчилар илк маротаба ёзги Олимпия ўйинларида дунёнинг 207 давлати вакиллари орасида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза, жами 13та медалига сазовор бўлиб умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди. Бу натижа Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида Россиядан кейинги иккинчи, Осиё қитъасида Хитой, Япония ва Жанубий Корея давлатларидан кейин тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи натижа бўлди.

Мавзуга оид