Жамият | 22:26 / 16.01.2017
28655
6 дақиқада ўқилади

Валютачи, туроператор ёки спорт ходими?

2016 йилнинг ноябрида сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон Кикбоксинг Ассоциациясида рўй берган жуда қизиқ ҳолатлар фош бўлди. Спортчиларни қўллаб-қувватлаб, кикбоксингни ривожлантириш ўрнига бу ерда қандайдир тушунарсиз валюта операциялари, қариндош-уруғчилик, коррупция ва ҳаттоки туристик саёҳатлар йўлга қўйилди.

Барча "мўъжизалар" Ассоциация бошқаруви Шерзод Турсунхонов қўлига ўтганидан кейин юз бера бошланди. Очиғи, қизиқ шахс. Аввал у "валютачи" Умар-шер номи билан машҳур эди - айнан шу ном остида у уюшган жиноий гуруҳ таркибида фаолият юритган ва хорижий валютани ноқонуний йўл билан сотиб олиш билан шуғулланган. Қандай йўл билан билмадиму, лекин 2012 йилда катта кўча фирибгари ушбу Ассоциация бошқарувини қўлга олди ва у ерда ўзининг, кўча-криминал тартибини ўрната бошлади. 

Биринчи навбатда, Ассоциацияда бюджет ва ҳомий воситаларини "арралаш" тизими йўлга қўйилди. Бироқ Умар-шерга бунинг ўзи камлик қилди, шу боис у яна бир схемани киритди - хориждаги турнирларда иштирок этишни истаган спортчиларни саралаш. Маълум бўлишича, Турсунохунов шу йўл билан ҳақиқий олтин конига йўл  топган. 

Бироқ Кикбоксинг Ассоциациясида бундай тартиб барчани бирдек қониқтирмаган. Қўпол ва такаббур раҳбар Турсунохунов таҳдид ва қўрқитиш йўли билан ташкилотда "авторитар" режим ўрната бошлади. Шуниси қизиқки, бундай сифатлар унинг ислом динига бўлган қизиқиши билан уйғунлашган эди. Терма жамоа тузишда мураббийлар фикри билан ҳисоблашмаган раҳбар республикада кикбоксинг ривожи учун заррача ҳам ҳисса қўшмади. Шунинг учун Ассоциация раҳбари лавозимидаги фаолияти давомида мураббийлар ва спортчилар ишончини қозона олмади. Қўрқита олмаган ва ўзига бўйсундира олмаган кишиларни эса шунчаки ишдан бўшата бошлади. Шундай қилиб, 2012 йилдан буён раҳбарнинг ота-оналар ва ҳомийлардан пул йиғишга доир буйруғини бажаришдан бош тортган бир қатор тажрибали мураббий ва вилоят бўлимлари раҳбарлари Ассоциацияни тарк этишди. 

Шерзод Турсунохуновнинг фош қилинган фирибгарликларидан бири алоҳида эътиборга лойиқ - 2016 йилнинг май ойида Венгрияда бўлиб ўтган Кикбоксинг бўйича Жаҳон кубоги. Ассоциация раҳбари аввал тасдиқланган кикбоксчиларни делегация таркибидан олиб ташлаб, уларнинг терма жамоадаги ўрнини 1200 АҚШ долларига "пуллади". 

Натижада, бундан норози бўлган баъзи спортчиларнинг ота-оналари адолат қарор топишига умид қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишди. Шундан сўнг Ассоциация фаолиятини дастлабки текшириш ишлари йўлга қўйилди, шу аснода аниқланган қонунбузарликлар учун Турсунохунов маъмурий жавобгарликка тортилди. 

2014 йилнинг июнида бундан-да қизиқ воқеа рўй берган. Ўшанда Италияда халқаро турнир бўлиб ўтаётганди. Турнир олдидан Турсунохунов ҳар бир четга чиқувчи спортчидан нақд пулда 3 минг доллар талаб қилган. Афтидан, жиноий ўтмиши Умар-шерни тинч қўймаган кўринади, шу боис у аввалги усулларини яна қўллашга қарор қилган. Уларнинг паспорти эвазига сўмга конверсион пластик карталарга 2 минг доллардан харид қилинди, нақд пуллар эса ўзлаштирилди. 

Турсунохунов спортчилар ҳисобидан делегация таркибига ҳамшира сифатида ўз онасини ҳам қўшиб олди. Бу унинг "туроператорлик" фаолиятининг биринчи эпизоди эди.

Турнир поёнига етганидан кейин Турсунохунов спортчиларга мутлақо бўм-бўш пластик карталарни қайтарган. Ота-оналар фарзандларининг хориждаги чиқимларига оид чекларни тақдим этишни қанча сўрашмасин, у рад этаверган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу ахир бежиз эмас-ку? Кикбоксчиларнинг ота-оналари ҳам шундай ўй-хаёлларга боришди ва бу борада прокуратурага мурожаат қилишди. Шу тариқа фирибгарлик ва ноқонуний валюта олиш ва сотишга доир Жиноий кодекс моддалари бўйича тергов олди чоралари кўрила бошланди.

Мазкур жараёнда Умар-шер ўзининг "юқоридаги" алоқалари билан мақтаниб, спортчиларга босим ўтказа бошлади ва улардан ўз кўрсатмаларидан воз кечишни талаб қилди, бундан ташқари тергов чақирувларига лоқайдлик билан жавоб қайтарди.

Бироқ "Кўза кунда эмас, кунида синади" дейилганидек, 2016 йилнинг ноябрь ойи охирида милиция ходимлари Турсунохуновни қўлга олиб, Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига келтиришди. Сўроқ давомида у ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилганлигига доир айбини қисман тан олди. 

Телефонлардаги маълумотлар билан танишиб чиққан хавфсизлик хизмати ходимлари уларда диний видеоматериаллар, шунингдек унинг диний сайтларга кирганлигини тасдиқловчи далилларни аниқлашди. Қурилмалар ўрганиш учун Диний ишлар қўмитасига топширилди.

Шайхонтоҳур туман прокуратураси Шерзод Турсунхоновга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғади. У вақтинчалик изоляторда сақланди. 

Умар-шернинг қўлга олинганидан хабар топган кўп спортчилар ниҳоят унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига оид аризалар билан мурожаат этишга жазм қилишди. 

Тергов Турсунохуновнинг хорижга чиқувчи спорт делегацияларига муайян пул мукофотлари эвазига мунтазам равишда бегона шахсларни қўшиб келганини аниқлади. Спорт туроператор-валютачиси.

Яхшики, Ўзбекистон Кикбоксинг Ассоциациясида рўй берган бу даҳшат ортда қолди. Бундан буён мамлакатимизнинг халқаро ареналардаги шарафини пулдор спортчилар эмас, энг кучли спорчилар ҳимоя қилишади. 

Муаллиф: Эргаш Кенжаев
манба

Мавзуга оид