Жаҳон | 13:53 / 20.01.2017
10177
5 дақиқада ўқилади

Давос 2017: Бутунжаҳон иқтисодий форумининг асосий шахслари ва воқеалари

Ҳар йилнинг январь ойида бутун данёнинг сиёсий ва иқтисодий етакчилари Швейцарияга тўпланишади. Улар Давос дам олиш масканида ташкил этиладиган Бутунжаҳон иқтисодий форумида иштирок этишади. 2017 йилги анжуман 17-20 январь кунлари бўлиб ўтади. Унда 3 мингга яқин киши иштирок этмоқда. 

Бу йилги форум мавзуси “Ҳозиржавоб ва масъулиятли етакчилик” деб номланди. 

Форумда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп томонидан бизнес билан алоқалар бўйича президент маслаҳатчиси лавозимига танланган Энтони Скарамуччи ҳам маъруза қилди.

Анжуман давомида дастурга биноан 400га яқин турли мавзуда сессия бўлиб ўтмоқда. Унда Хитой делегациясига жиддий эътибор қаратилган.

Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагарднинг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатлар ўрта синф вакиллари инқирозни бошидан кечирмоқда. Унинг айтишича, мамлакатлар ҳукуматлари бу муаммони ҳал этиш учун чоралар кўришлари лозим. Лагарднинг фикрича, иқтисодий нотенгликка барҳам бериш – экстремизм илдизига болта уришдир. ХВЖ раҳбарининг таъкидлашича, “жасур етакчиларнинг халқни тинглаш вақти келган”. 

Давос форумида, шунингдек, Brexit, Трампнинг президентлиги, Хитойнинг ўсиб бораётган роли, Россияга қарши санкциялар ҳам муҳим мавзулар ҳисобланмоқда. 

Хитой раиси Си Цзиньпин маърузаси форумни очиб берди. У ўз чиқишида протекционизмга йўл қўймасликка, дунёга фаровонлик олиб келаётган глобал эркин савдо ўсишини чекламасликка чақирган. “Савдо урушларида ғолиб бўлмайди”, - деган ХХР раиси. 

Форумнинг илк кунидаги қатнашчилар, 17 январь

Давосга таниқли ва машҳур кишилар ҳам келишди. Хусусан, Ҳолливуд актёри Мэтт Дэймон, форумда чиқиш қилар экан, иштирокчилар эътиборини хавфсиз ичимлик суви муаммосига қаратди.

 Украина президенти Пётр Порошенко эса АҚШ билан самарали ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда. У февраль ойида Вашингтонга боришни режалаштирган. Хитойнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни кучайиб бораётгани сабабли, Украина раҳбари Хитой етакчиси билан музокаралар ўтказган. 

АҚШ вице-президенти Жо Байден фикрича, Россия дунё либерал тартибига энг жиддий таҳдиддир. Унинг сўзларига кўра, сайлов ўтказмоқчи бўлаётган барча мамлакатлар, Россиянинг улардаги демократик жараёнларга аралишишига тайёр туришлари керак. 

Анжуман чоғида фақатгина иқтисодий масалалар эмас, балки илмий соҳага ҳам эътибор қаратилган. Суратда – “Сунъий ақлни қаршилаб” сессияси чоғида.

Facebook бош амалий директори Шэрил Сэндберг, “Халқаро ҳамжамиятнинг ижобий ёндашуви” мавзусидаги сессияда ижтимоий тармоқдаги сохта хабарлар, янгиликлар муаммосига доир саволга жавоб берди. Сэндберг айтишича, одамларнинг Facebook тармоғида сохта янгиликларни кўришни истамаётганидан компания раҳбариятининг хабари бор ва улар ҳам бундай бўлишини хоҳламайди. Шунга кўра, Facebook компанияси бу борада сезиларли чораларни кўрмоқда. Бироқ, бунда энг асосийси, спам юборувчиларга туртки бўладиган молиявий сабабларга барҳам беришдир. 

Миллиардер Билл Гейтснинг айтишича, унинг жамғармаси энг жиддий юқумли касалликларга қарши вакциналар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган глобал гуруҳга қўшилади. Биринчи босқичда ташкилот 460 млн доллар маблағни жалб қилишни режалаштирган. 

Alibaba асосчиси Жек Ма эса, EWTP – халқаро электрон савдо платформасини барпо этишга чақирган. У кичик бизнес корхоналари учун Жаҳон савдо ташкилоти вазифасини бажариши керак. Унинг фикрича, ЖСТ кичик бизнесга бирор устунлик ёки имтиёз бермаяпти. Шу билан бирга, Жек Ма интерью чоғида ёши 30 атрофида бўлганларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтган. Чунки, улар, Манинг фикрича, интернет асри авлоди бўлиб, улар дунёни ўзгартиришади.

Киев шаҳри ҳокими, собиқ боксчи Виталий Кличко форум қатнашчиларини ўз қадриятлари учун курашишга чақирган. “Курашиш керак. Бу сизнинг қарашларингиз, қадриятлар, мақсад ва орзуларингиз учун жангдир”, - деган Кличко.

“Северсталь” раҳбари Алексей Мордашовга кўра, 2017 йилда металл хом ашёсининг нархи 10-15 фоизга пасаяди. Унинг фикрича, бу масалада кўп нарса Хитойга боғлиқ. 

Қўшиқчи Шакира эса, форум чоғида Crystal Award соврини билан тақдирланди. У UNICEF ташкилотининг яхши ният элчиси сифатидаги фаолияти учун ушбу мукофотга муносиб топилган.

Бугун. 20-январда Давос-2017 ўз ишини якунлайди.

Мавзуга оид