Жамият | 19:19 / 23.01.2017
57375
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик ўт ўчирувчилар Ўзбекистондаги ёнғинни ўчиришда ёрдамлашди

Қирғизистоннинг Боткен тумани ўт ўчириш хизмати ходимлари Ўзбекистон ҳудудидаги ёнғинни ўчиришда иштирок этишди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат ёнғинга қарши хизмат вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Мақсатбек Шамшиев хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, 18 январь соат 22:48 да қирғиз телефон рақамидан Фарғона вилоятининг Риштон тумани қишлоқларидан биридаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Чегарани кесиб ўтишда ҳеч қандай муаммо юзага келмади. «Биз келиб тушган хабардан сўнг воқеа жойига зудлик билан чиқиб кетдик. Бу ер Ўзбекистон ҳудудида эканига қарамай, биз ёнғинни ўчиришда иштирок этдик», - деди Шамшиев.

Ёнғин 7 хонали уйда келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида уйнинг 2та хонаси ёниб кетган. Уй эгалари эса енгил даражадаги куйиш жароҳатларини олган. Улар Фарғона шаҳридаги касалхонага олиб кетилди. Ёнғин содир бўлган жой Боткендан 35 ва Фарғона шаҳридан 250 километр узоқликда жойлашган. Бу чегара ёнидаги ҳудудда кўплаб қирғиз оилалари истиқомат қилади ҳамда қирғиз мобил операторлари рақамларидан фойдаланади. Бироқ уларнинг катта қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

 

Мавзуга оид