Жамият | 11:04 / 27.01.2017
5971
2 дақиқада ўқилади

Ҳарвард олимлари металл кўринишидаги водород олишди

Ҳарвард университети олимлари Айзек Сильвера ва Ранга Диас Science журнали саҳифаларида металл водород олишга доир ҳисоботни чоп этишди. 

Олимлар, Ернинг марказидагидан ҳам кўра каттароқ бўлган ўта юқори босим ва жуда паст ҳароратни ҳосил қилиш билан кам миқдордаги қаттиқ водород моддасини олишга эришганлар. Улар камгина водород металлини олиш мақсадида икки олмосдан фойдаланишган. Водород молекуласи ушбу қаттиқ жисмлар ёрдамида сиқилган. Келгуси ҳафталарда, олимлар босимни аста-секин пасайтириб боришади ва металл водород ўз хусусиятини сақлаб қоладими-йўқми, деган саволга ойдинлик киритишади.

Ҳозирча, нормал босим ва ҳароратда модда ҳолатини барқарор сақлаб қолишнинг уддасидан чиқилмаган. Бироқ, олимлар бу модданинг келажаги борасида тўлқинланиб гапиришмоқда. 

"Бу Ердаги металл водороднинг илк намунаси. Шу сабабдан унга қарар экансиз, аввал бўлмаган нарсани кўраётганингизни англайсиз", — дейди профессор Сильвера.

Янги материал электр токини ўтказувчи сифатида ишлатилиши мумкин. "Ҳозирда, электр энергиясининг 15 фоизи истеъмолчига етиб келгунча йўқотилади. Агар, металл водороддан симлар ясалганида, бу муаммо барҳам топарди", — дея олимнинг сўзларини келтиради The Independent.

Металл водородни яна ракета ёнилғиси сифатида қўллаш мумкин. Чунки, бундай ёнилғи ҳозирда мавжудларидан 4 баравар самаралироқ бўлар эди. Бу эса, Ер орбитасига катта юкларни олиб чиқиш имконини беради. 

Мавзуга оид