Ўзбекистон | 10:16 / 03.02.2017
57256
6 дақиқада ўқилади

2017 йилда жисмоний шахслар учун белгиланган солиқлар бўйича қандай ўзгаришлар киритилди?

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 27 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-417-сонли (кейинги ўринларда – Қонун) Қонуни билан айрим қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Абдуллаев маълум қилган.

Солиқ қарзи бўйича

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, жисмоний шахслар учун белгиланган солиқлар бўйича ҳам бир қатор ўзгаришлар киритилди. Жумладан, Қонуннинг 3-банди билан Солиқ кодексининг 59- ва 61-моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан, солиқ қарзи тўлов муддати ўтган пайтдан бир йил мобайнида ундирилмаган бўлса, солиқ қарзи бўйича ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундириш чоралари қўлланилиши белгилаб қўйилди. 

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 16-банди билан Солиқ кодексининг 291-моддасига  қўшимча («яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун» тарзида) киритилганлиги ҳамда ушбу Кодекснинг 290-моддасида кўрсатилган имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмаслигидан келиб чиқиб, Солиқ кодекснинг 282-моддаси иккинчи қисмидаги юридик шахслар учун белгиланган имтиёзларнинг жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилиши бекор қилинди.

Касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун

Бундан ташқари, мазкур Қонуннинг 26-бандига асосан Солиқ кодексининг 375-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ, касб-ҳунар коллежи битирувчиси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолиятини тугатган ёки уч ва ундан кўп ойга тўхтатган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолияти амалга оширилган бутун давр учун тўланиши белгиланди.

Мол-мулкка солинадиган солиқ бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2699-сонли қарорининг 19-иловасига асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз (2016 йилда 1,5 фоиз бўлган) миқдорида белгиланди.

2017 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиздан 2,1 фоизгача, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 дан 2,9 фоизга оширилди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари – 2,1 фоиз (2016 йилда 1,8 фоиз) миқдорида белгиланди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан, лекин 3 млн.сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади.

Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20328,0 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса 8833,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравар миқдорида ундирилади.

Сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича

Мазкур қарорнинг 14-иловасига мувофиқ, Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари тасдиқланиб, унга кўра деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар учун 1 куб.метр ер усти сув манбалари учун 85,4 сўм ва ер ости сув манбалари учун 108,5 сўм миқдорида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашлари белгиланди.

2017 йилда ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаси 1,15 бараварга индексация қилинди.

Ер солиғи бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли қарори 20-иловасининг 7- ва 8-жадвалларида ҳамда ушбу иловага берилган изоҳнинг 1- ва 2-бандларида келтирилган ставкаларга ер участкалари жойлашган жойига ва ер сифатига боғлиқ ҳолда тегишлилиги бўйича коэффициентлар қўлланилиши белгиланган.

Ушбу коэффициентлар ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган томонидан тегишли давлат солиқ хизмати органига тақдим этиладиган маълумотлар асосида қўлланилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, кўп квартирали уйларда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган жойларга жисмоний шахсларга ер солиғи ер майдонини қаватлар сонига бўлган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши белгиланди.

Шунингдек, мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари ўтган йилга нисбатан 1,5 бараварга индексация қилинди.

Мавзуга оид