Жамият | 14:24 / 03.02.2017
9815
3 дақиқада ўқилади

Рангли металларни Қирғизистонга ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган жиноятчилар ушланди

Уйчи туманида яшовчи Козим Турсунов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тадбиркорлик деганда қандай йўл билан бўлмасин, фақат мўмай пул орттиришни тушунарди. Ўзининг икки ҳамтовоғи билан қўшни Қирғизистон Республикасига чегарадан айланма йўллар орқали 17 та қопга жойланган қиймати 1 млн. 809 минг сўмлик жами 526 кг. 500 грамм рангли металл ва уларнинг резги-чиқитларини сотиш учун олиб ўтишга чоғланаётган маҳал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Козим аввалдан Уйчи туманида яшовчи деҳқонлардан кўтарасига турли деҳқончилик, боғдорчилик ва полиз маҳсулотларини сотиб олиб, бозорда улгуржи сотиш билан шуғулланиб юрарди. У 2015 йилнинг ёз ойларида навбатдаги “сафар”ларидан бирида қирғизистонлик Акрам исмли шахс билан танишиб қолади. Акрам унга агар рангли металл олиб ўтса, қиммат нархларда сотиб беришини таклиф қилади. Козим ўйлаб ўтирмай бу таклифга рози бўлади.

Уйига қайтган Нозим Наманган шаҳридаги “Чорсу” деҳқон бозорида эски буюмлар сотиш билан шуғулланувчи савдогарлардан ҳамда турли шахслардан рангли металл – миснинг 1 килосини 9000 сўмдан, латунни эса 5000 сўмдан сотиб олиб, йиға бошлайди. “Хазина”ни тўплаш ва сақлаш учун таниши Уйчи туманида яшовчи Зоҳид Носировнинг ҳовлисидан фойдаланади.

Ҳеч қаерда ишламайдиган Зоҳид ҳам гарчи бу ишнинг ноқонуний эканини, оқибати яхшилик билан тугамаслигини билиб турса-да, текин даромад илинжида бу ишга бош қўшади.

Орадан уч-тўрт ой ўтгач, ўғринча йиғилган “бойлик” дарагини телефон орқали эшитган Акрам тўпланган рангли металл парчаларини келишилган жойга олиб келишларини тайинлайди.

Козим бу ишда ўзининг синфдоши Ўктам Зуҳуровнинг “Дамас” автомашинасидан фойдаланишга қарор қилади. Ўктам авваллари ҳам уларнинг буюмларини бозорга олиб бориб юргани боис, иккиланмай рози бўлади. Бундан ташқари, Козим Ўктамга металларни темир деб ишонтиради. Улар ўриндиқлари олинган “Дамас”га рангли металларни обдон жойлаб, устини мато билан ўрашгач, йўлга тушишади. Уч “ишбилармон” олғирлар металл ва унинг резги-чиқитини сотиш учун Қирғизистон билан чегарадош ҳудудга олиб келишаётганида чегара яқинида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан суд ҳукми ўқилди ва тегишли жазо тайинланди.

Мавзуга оид