Ўзбекистон | 15:05 / 28.02.2017
38013
10 дақиқада ўқилади

Коллежларда давомат муаммоси: Ким айбдор? (1-қисм)

Бундан 20-25 йиллар аввал, 11 йиллик умумтаълим мактабларини тамомлаган ёшлар олдида икки йўл турарди: олий ўқув юртига ўқишга кириш ёки… бирор касбни эгаллаш ҳақида бош қотириш. Янаям тўғрироғи, мактаблар битирувчиларидан ўртача 10 нафардан бири олий ўқув юртларига кирарди, қолганлари эса кўчада қоларди. Ўша даврнинг бармоқ билан санарли «техникум»ларида касб-ҳунарга ўргатиш йўлига, ҳаминқадар бўлиб, тизим ҳам номигагина ишлар эди.

Минглаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилиб, 12 йиллик бепул, мажбурий таълимни якунлаган ёшлар билим олиш баробарида, ҳунар ҳам эгалламоқда ва буни мамлакатда олиб борилган оқилона сиёсатнинг ёрқин далолати дейиш мумкин. Ёшларнинг ўз ихтисослиги бўйича меҳнат қилиш имкони яратилгани билан бир қаторда саноат, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча соҳада тизимли ривожланишга туртки берилган.

Шу билан бирга саволлар туғилади: давлат томонидан яратиб қўйилган беқиёс имконият ва шароитлардан ҳамма вақт, барча жойларда ҳам унумли фойдаланилаяптими? Таълим масканларида, жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим сифати қандай? Давомат-чи?

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мухбирлари бу борадаги саволларга жавоб излаш мақсадида журналистик суриштирувлар олиб борди. Ушбу жараёнда имкон қадар олис туманлар, қишлоқ жойлардаги таълим муассасалари билан яқиндан танишилган. Бир қадар кўздан пана, мутасаддилар ҳам унча-мунчага боравермайдиган ҳудудлардаги вазиятни ўрганиш ҳақиқий аҳволни билишнинг энг холис йўли сифатида танланган.

Коллежларда тартиб-интизом, таълим сифати ва бош­қа масалаларга ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани таъкидланган. Бироқ давомат, таълим-тарбия сифати, ўқув масканидаги шароитлар борасида ҳали муаммо ва нуқсонлар кам эмаслиги қайд этилган. Тайёрланган материал «Кун.uz» сайтида икки қисмда берилмоқда.

Бордан кўра йўғи кўпроқ

Сир эмаски, ўқувчилар дарс ва амалий машғулотларга ўз вақтида, мунтазам иштирок этсагина, фанларни, касб сирларини чуқур ўзлаштиради. Аксинча бўлса-чи?

Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежидаги вазият таажжубланарли даражада. Ушбу коллежда айни пайтда 1053 нафар ўқувчи иккига бўлиниб, икки навбатда таҳсил олади. Жорий йил 9 февраль ҳолатига кўра, тушгача ўқишга келиши лозим бўлган 660 нафар ўқувчидан 335 нафаригина дарсда иштирок этди. Тушдан кейинги давомат янада ачинарли: 392 нафар ўқувчидан 230 нафари дарсда эмасди. Коллеж маъмуриятининг маълумотига кўра, уларнинг 25 нафари коллежга умуман келмайди.

Бу каби ҳолат Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида ҳам кузатилди. Жорий йил 4 февраль ҳолатига кўра, 181 нафар ўқувчидан 99 нафари дарсга келмаган.

Қўшработ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида 8 февраль куни соат 9:00да 480 нафар ўқувчидан 50 фоизи келган, соат 10:00да бу кўрсаткич 55 фоиз, соат 11:00да эса 62 фоизга етган. Бу каби ҳолат 15 февраль куни Янгийўл қурилиш ва миллий ҳунарманд­чилик касб-ҳунар коллежида (371 нафар ўқувчидан 146 нафари дарсга келмаган) кузатилган. Мисол учун, ушбу коллежнинг 3-курс кадастр йўналишидаги гуруҳида ўқувчилар 36 нафар, лекин дарсга 17 ўқувчи келган. Давоматдаги муаммоли ҳолатлар Хўжайли енгил саноат, Мирзаобод хизмат кўрсатиш, Избоскан хизмат кўрсатиш ва сервис, Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш, Қўшкўпир қурилиш ва транспорт, Шовот енгил саноат, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш ҳамда Пахтакор хизмат кўрсатиш каби коллежлар учун ҳам янгилик эмаслиги аниқланган. Яна бир ачинарли ҳолат сифатида коллежларга кўплаб ўқувчиларнинг кечикиб келаётганини келтириш мумкин.

Таҳлил чоғида айрим сабаблар ойдинлашди. Хўш, булар нималардан иборат?

Таълим сифати талаб даражасидами?

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, давоматнинг энг асосий томири коллежлардаги таълим-тарбия сифати билан боғлиқ ҳисобланади. Агар ўқувчи етарли ва керакли билим олмаса, унинг коллежга 3 йил қатнашидан нима наф? Шу ўринда Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида вилоят мухбири 3та гуруҳ (битта 2 курс, иккита 1-курс) жамланиб, бир хонада инглиз тили дарси ўтилаётганига гувоҳ бўлган. Ваҳоланки, курслар ҳар хил, ўтиладиган мавзу ҳам қоғозда турлича. Аммо дарс бир вақтнинг ўзида ўтилмоқда. Буни изоҳлашга ҳожат ҳам йўқ.

«Дарҳақиқат, кўплаб коллежларда кадрлар, яъни педагог ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш усталарининг етишмаслиги ёки билим даражаси пастлигини тан олиш керак. Ўқитувчиларда ташаббускорлик сезилмайди, қолаверса улар ўз устида мунтазам ишламайди. Ўзларининг ҳаминқадар билими ва тажрибаси билан ўқувчиларни чалғитишга, дарс мавзусига умуман дахлдор бўлмаган гаплар билан вақтни ўтказишга уриниш ҳоллари ҳам кўп кузатилади. Гоҳида ҳамкасбини ўз гуруҳини қўшиб дарс ўтиб туришга кўндириб, шахсий ишларини бемалол бажариб юрганлар ҳам учраб туради», дейилган хабарда.

Шунингдек, таълим сифати пастлигини дарс ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга хизмат қилувчи ўқув қуроллари, техника ва технологиялар етишмаслигида ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида тикувчилик йўналишида таҳсил оладиган 289 нафар ўқувчи учун 12та тикув машинаси, Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида 3тагина тикув машинаси (у ҳам бўлса маънан эскирган) мавжуд.

«Қизим ушбу коллежда тикувчилик бўйича 2-босқичда ўқиса-да, ҳали малака ҳосил қилгани йўқ. Буни қарангки, қўшнимизнинг қизи 2 ойлик тикувчилик курсига қатнаб, яхшигина чевар бўлиб қолибди», — дейди ўша ерлик мактаб ўқитувчиси Умида Йўлдошева.

«Ўқитувчилар дарсга ҳамиша ҳам пухта тайёргарлик кўриб келишмайди. Дарс жараёнида кўргазмали қуроллар, инновацион педагогик технологиялардан умуман фойдаланилмаяпти», дейди Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги таълим сифати ҳақида вилоят мухбири.

Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида 2016 — 2017 ўқув йилида иккита йўналиш: «Ошпазлик» ҳамда «Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» йўналишлари очилган бўлса-да, бунинг учун устахоналар мавжуд эмас. Избоскан хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида эса «Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» йўналиши учун ажратилган устахоналар бўм-бўш, бирон-бир жиҳоз йўқ. Хўжайли туман енгил саноат касб-ҳунар коллежидаги ҳолат ҳам мақтагулик эмас. Ихтисослик бўйича қишлоқ хўжалиги техникалари намуналари йўқ, машиналар эҳтиёт қисмлари билан жиҳозланган махсус хоналар мавжуд эмас.

Андижон туман саноат-энергетика касб-ҳунар коллежида амалий машғулотлар ўтказиш учун шарт-шароитлар ҳаминқадар. Масалан, «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик» ҳамда «Темир йўл электротехника тизимларидан техник фойдаланиш» йўналишлари бўйича устахоналарда бирорта ҳам жиҳоз йўқ. Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 2014 — 2015 ўқув йилида янги очилган «Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш» йўналиши учун амалиёт жиҳозлари умуман мавжуд эмас, хона жиҳозланмаган.

Ёшлар назарий асосларни ўрганишяпти, амалиётда эса танлаган соҳадаги юмушга дадил қўл ура олишмаяпти. Махсус устахоналар ва жиҳозларнинг етишмаслиги суриштирув олиб борилган коллежларнинг аксариятига тегишли. Маълумки, ҳунар ўрганишни амалиётсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Масалан, автомобиль ҳайдаб малака ҳосил қилмаган ўқувчи қандай қилиб назарий билим билангина ҳайдовчилик қилиши мумкин? Хулоса шуки, бу масалага мутасаддилар томонидан жиддий ёндашилиши лозим.

Манзил олис…

Вилоятларда қишлоқлар тарқоқ ва бир-биридан анча олисда жойлашгани боис ўқувчиларнинг коллежларга қатнаши борасидаги муаммоларга ҳам кўз юмиб бўлмайди.  Жумладан, Қўшработ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан бир гуруҳи тоғли «Шамолли» қишлоғида яшайди. Улар коллежга келиш учун Зарбанд қишлоғи орқали 52 километр йўл босиб ўтиши керак. Яна бир гуруҳ ўқувчи эса Тувадоқ, Тозғара ҳамда Эжгант қишлоқларидан аввалига 6-8 км. пиёда, сўнгра 14 км.ни автотранспортда босиб ўтишига тўғри келади. Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежига ҳам 30-35 км.дан қатнайдиган ўқувчиларнинг аксарияти йўналиш бўйича автобус ҳам, такси ҳам йўқлигидан нолишади. Коллежга элтадиган йўллар, асосан, қир-адирликдан иборат бўлгани боис, айниқса, қиш кунлари қатнов анчайин қийинлашади.

Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалидаги давоматнинг пастлиги ҳам қиш кунлари узоқдан қатнайдиган ўқувчилар туфайли экани аниқланди. Қайд этиш керакки, бу каби — ўнлаб километр йўл босишни талаб этувчи ҳудудни қамраб олган коллежлар республиканинг олис ҳудудларида керагича топилади.

«Қизим Қўшработ иқтисодиёт ва сервис коллежига бориб келиши учун кунига 5-6 минг сўм сарфлайди. Ётоқхонага қўяй десам, у ердаги шароитлар қониқарли эмас», — дейди тумандаги «Қоратош» маҳалласида яшовчи Эсиргап Эгамов.

Айрим жойларда йўлларнинг сифатсизлиги ҳам аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

«Дилором» маҳалласидан то коллежимиз олдидаги кўприккача йўл ёзда чанг, қишда эса балчиқ ҳолатда. Ҳайронмиз, туман мутасаддилари бунга қачонгача томошабин бўлиб туришаркин?» — дейди Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шодиёр Турсунқулов. 

Бу борада тизимли чоралар кўриш зарур. Масалан, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига Маликработ ҳудудидан қатнайдиган ўқувчилар учун автобус қатнови мавжуд. Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига қатнайдиган ўқувчилар учун еттита маҳалла йўналиши бўйича, йўл ҳақи арзонлаштирилган ҳолда «Исузу» автобуси қатнайди. Бундай ечимлар  ҳудудлардаги мутасаддиларни ўйлантириши зарурдир.

Коллежларда давомат муаммоси: Диплом бор-у иш йўқ (2-қисм)

Мавзуга оид