Арманистон президенти зарурият туғилса "Искандер"лардан фойдаланишни иккиланмай буюришини айтди
Арманистон президенти ва олий бош қўмондони Серж Саргсян "Искандер" мажмуаларидан фойдаланиш эҳтимоли мавжудлигини инкор этмаслигини билдирди.
"Агар зарурият туғилса бугуноқ Арманистон олий бош қўмондони киприк қоқмасдан "Искандер" мажмуаларидан фойдаланиш ҳақида буйруқ беради. Буни қўшни давлатдагилар ҳам жуда яхши тушуниб туришибди", — деди Саргсян тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасидаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари олдида чиқиш қилар экан.
Президент ўтган йилнинг апрелида Тоғли Қорабоғдаги низо кескинлашгандан сўнг юз берган ҳарбий тўқнашувларни эслатди. Бу ҳолатда, президентнинг сўзларига кўра, арман ҳарбий хизматчилари ёвни улоқтириб ташлашга муваффақ бўлган. "Биз уларнинг режаларини барбод қилдик, ахборот урушда ҳам енгдик", — деди Саргсян, ўтган давр ичида чегаралар мустаҳкамланиб, қўшинларга янги қурол берилганини қўшимча қилар экан.
"Бугун бизнинг уруш истаётган қўшнимиз ҳудудидаги барча йўналишлар бўйича, энг муҳим инфратузилмаларгача ўта замонавий ва қақшаткич зарба берувчи кучлар йўналтирилган", — деган президент.
2016 йилнинг апрель ойи бошларида Арманистон ва Озарбойжон Қорабоғ низоси ҳудудида вазиятнинг кескинлашгани ҳақида баёнот бериб, 5 апрелга келиб ўт очишни тўхтатишга эришган эдилар. Лекин Боку ва Ереван ҳанузгача ўқ узишлар давом этаётгани хусусида бир-бирини айблаб келади.
Қорабоғ низоси 1988 йилнинг февралида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбойжон таркибидан чиқишни эълон қилганидан сўнг бошланган. 1991 йилнинг сентябрида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти маркази Степанакертда Тоғли Қорабоғ Республикаси тузилгани эълон қилинган. 1992 йилдан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Озарбойжон ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун курашмоқда, Арманистон эса асосий аҳолиси арманлар бўлган тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024