Иқтисодиёт | 18:27 / 03.04.2017
20886
2 дақиқада ўқилади

Дубровский: Биз Ўзбекистон бозори таклиф қилган ўринларни бошқалардан тезроқ тўлдиришимиз керак

Россиянинг Челябинск вилояти Ўзбекистон билан товар айирбошлаш бўйича етакчилик қилмоқда ва у минтақада ўзбек импортини оширмоқчи. Уралпресс хабарига кўра, бу ҳақда вилоят губернатори Борис Дубровский Наманган вилояти делегацияси ташрифи якунлари ҳақида сўзлаш давомида маълум қилди.

"Ўзбекистон Россия учун фаол очилмоқда ва биз бу республика бозори таклиф этаётган ўринларни бошқалардан тезроқ эгаллаб олишимиз керак", - дея таъкидлади Борис Дубровский.

2016 йилда Ўзбекистондан Челябинск вилоятига йўлга қўйилган импорт ҳажми 4 баробарга ошди ва 5 миллион долларни ташкил қилди, экспорт эса - 160,3 миллион доллар.

Вилоятда ўзбек импортини ошириш учун бир қатор қарорлар қабул қилинмоқда. "Бу, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва пойабзал - қоидага кўра, унча қиммат бўлмаган, лекин сифатли маҳсулотлар", - дея изоҳ берди минтақа раҳбари. 

Борис Дубровский  минтақа иқтисодий тараққиёт вазирлигига Челябинск вилоятининг октябрь ойига мўлжалланган Ўзбекистонга жавоб ташрифига яхши тайёргарлик кўриш вазифасини топширди. "Делегацияни бизнес ва ижтимоий соҳалар вакиллари билан кучайтириш лозим", - деди губернатор.

Бундан аввал, ўтган ҳафтада Борис Дубровскийнинг Наманган вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров билан учрашиб, ҳар томонлама ҳамкорлик меморандуми имзолагани тўғрисида хабар берилган эди. Губернатор меморандум имзоланиши минтақавий миқёсда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш имконини бериши ҳамда бизнес ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашига ишонч билдирди. 

Мавзуга оид