Ўзбекистон | 09:15 / 08.04.2017
20450
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги қонун кучга кирди

Ўзбекистонда Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, 2017 йил 7 апрелдан эътиборан кучга кирди. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солишдан иборат. 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллигига доир конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликдан иборатдир. 

Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт. 

Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади. Кенгашнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. 

Кенгаш қарорлари унинг мажлисида коллегиал равишда қабул қилинади. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди. 

Кенгашнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлидир ва унинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда биттадан овозга эгадир. 

Кенгаш ўз фаолиятини очиқ тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Қонуннинг тўлиқ матни ЎзА сайтида тўлиқ эълон қилинган

Мавзуга оид