Ўзбекистон | 18:40 / 12.04.2017
94646
4 дақиқада ўқилади

«Ёзиб олинган жонли эфирлар», «Турғизиб қўйилган бошловчи» ва телевидениедаги бошқа ўзгаришлар

Фото: twitter.com/@davletovuz

Кейинги ҳафталарда Ўзбекистон телевидениесида ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда баралла ёза бошлашди, «Ахборот» жонлана бошлангани эътироф қилина бошлади. 

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишидан кейин рўй берди. Президент йиғилишда телевидение фаолиятига тўхталган ва танқидий фикрларини билдириб ўтганди. У бу соҳада аҳвол «эски ҳаммом, эски тос» бўлиб қолаётганини айтганди. 

«Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак», деганди президент.

Шундан сўнг, кўп вақт ўтмасдан, 4 апрель куни ЎзМТРК раисига ахборот узатиш бўйича ўринбосар этиб Бобур Ботирович Алихонов тайинланди.

Бу ўзгариш ўз таъсирини кўрсатди. Ўзбекистон президентининг Москвага сафари «Ахборот» дастурлари орқали ёритилишида унинг имзоси сезилди. Хусусан, Россиядаги ОАВнинг бу ташрифга реакцияси алоҳида берилди. Шунингдек, телеканалда вазирлар, ҳокимлар ва бошқа юқори лавозимли мансабдорлар кўриниш бериб, интервью бера бошлади.

ТИАИСВ раҳбари Элёр Ғаниев / Фото: @davletovuz
Фото: @davletovuz
Фото: @davletovuz

Охирги ҳафтада яна бир ўзгариш рўй берди: «Таҳлилнома» бошловчиси дастурни турган ҳолда олиб бориши йўлга қўйилди. 

Энди ҳафтанинг энг муҳим информацион хабарларига бағишланган «Таҳлилнома» дастури бошловчиси аҳолини турган ҳолда, йирик экран фонида хабарлар билан таништирмоқда.

Бу ўзгариш ҳақидаги хабарларга турлича муносабатлар янграмоқда. 

Муносабатларнинг аксарида телеканал шаклий ўзгаришларга эмас, мазмуний ўзгаришларга қўл уриши кераклигига урғу қаратилган.

«Бизга янгиликларни қандай ҳолатда етказишлари муҳим эмас. Ўтирибми, турибми ёки ётиб олибми, асосийси ҳақиқатни гапиришсин», дея аччиқ фикр билдиради интернет фойдаланувчиларидан бири.

Унинг фикри кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган. 

«Бошқалар космосни эгаллаб, Марсни тадқиқ қилмоқда. Ахборотни тик туриб олиб бориш эса бундан ҳам зўр кашфиёт. Энди яхши бўлиб кетамиз шекилли», дея заҳархандалик билан давом этади улардан бири.

Янада кескинроқ муносабатда бўлганлар ҳам бор.

«Ҳэ, ўргилдим қилиғингдан. Сенларга Президент шуни қил дедими. Халқнинг кўзини оч дедику», дейилади жумладан.

«Гап туриб ёки ўтириб олиб боришда эмас. Мухбирларда жасорат етишмайди. Кўтарилаётган муаммо ичига кириб, танқидни профессионал даражада негизига урадиган журналистларга йўл бериш керак ва уларнинг ҳимоясини ҳам таъминлаш керак», дея таклиф берилган яна бир фойдаланувчи томонидан.

Билдирилган фикрларнинг аксари танқидий руҳда давом этган.

«Чиндан ҳам. Одамларга керак материални ёнбошлаб гапирадими, эмаклабми, эпласа бўлди-да. Фориш туманидаги фермер хўжалигида битта товуқ иккита тухум қилганини туриб гапирди нима-ю ўтириб гапирди нима?!», дея муносабат билдирган таниқли телесухандон Муслимбек Йўлдошев.

Шунингдек, телеканалда кундузги вақтда, «Ахборот» кўрсатуви «жонли эфир» сифатида намойиш этилмоқда.

Билмаганлар бунга ишониб, алданмоқда. Билганлар эса телевидение ҳақидаги аввалги фикрларини ўзгартирмай қолмоқда.

«Бугун бир тадбирда иштирок этиб келдим (11.00-12.00). Ишхонага келиб, телевизорни ёқсам, соат 14.00даги «Ахборот» бошланди. Ўша тадбирни жонли эфирда эфирга узатишди. «Двойнигинг бор эканда», дейишди ҳамкасблар», дея ҳикоя қилади ушбу сарлавҳадаги айбловни далиллай олувчи манба.

 

Мавзуга оид