Жамият | 23:52 / 25.04.2017
25274
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда бензиннинг қўлда сотилишининг давом этиши одамлар ҳаётига хавф солмоқда

Фото:Анастасия ПАВЛЕНКО.

Ўтган чоршанба куни, 19 апрелда Самарқанддаги Навоий проспектида бензин солинган баклажкалар ортилган машина ёниб кетди. Хайриятки, ёнғин қурбонларсиз кечди, бироқ бу қўлда бензин сотувчиларга сабоқ бўлмади.

"Самаркандский вестник" нашри мухбирининг ёзишича, ёнғин содир бўлган куннинг эртасига Навоий кўчасида бензин ноқонуний сотилаётган 15 та нуқта қайд қилинган, улардан бири бир кун аввал ёнғин содир бўлган жойдан 10 метр нарироқда бўлган. Яқин орада жойлашган АЁҚШ бензин йўқлиги сабабли ҳувиллаб ётибди, бироқ унинг ён атрофида бензин олибсотарлари бу ҳудудларда тақчил бўлган бензинни 3400-3500 сўмдан пуллаш билан бандлар.

"Нима қилиш керак, машина ўзимники, янги, газ қурилмасини ҳали ўрнатмадим, қўлда сотиладиган бензин сифати ёмонлигини билсам ҳам, уни харид қилишимга тўғри келмоқда", деб айтмоқда ҳайдовчилардан бири. 

"Афсуски, бизнинг вилоятда бензин ҳақиқатан ҳам етишмайди. Вилоятнинг бензинга эҳтиёжи 150-200 тоннани ташкил қилса, "Ўзнефтмаҳсулот" компанияси нефть базаси бизга 80 тоннага яқин бензин бермоқда. Бироқ, сиқилган ва суюлтирилган газ билан бундай тақчиллик йўқ", деб айтди "Ўздавнефтгазназорат"нинг Самарқанд бўлими бош технологи  Икром Махсумов.

Махсумов "Олибсотарлар бензинни қаердан оладилар?" деган саволга канистрада ва пластмасса идишларда бензин сотилишининг 100 та ҳолатидан 99 тасида у Тошкентдан келтирилишини айтди. Бироқ автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси аҳолига тегишли лицензияларга эга АЁҚШлар орқалигина сотилади. 

АЁҚШдан ташқарида бензин сотилиши ҳолатида ноқонуний маҳсулотнинг бутун партияси мусодара қилиниши, уни сотиш билан шуғулланган кимса жавобгарликка тортилиши керак. Бироқ кўринишича, амалда қатъий қонун четлаб ўтилмоқда. Назорат қилувчи идораларнинг бепарволиги ва лоқайдлиги сабабли ноқонуний бензин сотувчиларнинг уйлари ва машиналари ёнишда давом этмоқда ва фуқароларнинг ҳаёти хавф остига қўйилмоқда. Шундай фожиалардан бирига гувоҳ бўлганлардан бирининг сўзлаб беришича, у қизи билан мактабдан қайтаётганда сал қолса ҳалок бўлай деган. "Бизни Тангрининг ўзи асради! Мен Тангрига бизни сақлаб қолгани учун шукроналар айтаман. Мен қизим билан мактабдан қайтаётиб, Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйлар ёнидан ўтаётганимизда пиёдалар йўлкасида бензин солинган баклашкалар билан лиқ тўла "Жигули" турганди. Машина ичида ёш йигитлар ўтирганди. Биз машинадан 15 қадам ўтганимиздан кейин кучли портлаш овозини эшитдим. Ортимга қараганимда, машина портлаб кетганини кўрдим", деб эсламоқда воқеани аёл.

Умид қиламизки, масъул идоралар ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, бундай ҳолатларга барҳам бериш учун астойдил бел боғлайдилар. Зероки, бензин олибсотарлари кўзларига пулдан бўлак нарса кўринмай, нафақат ўзларининг, балки ён-атрофдаги одамларнинг ҳаётларини ҳам хавф остига қўймоқдалар. 

Мавзуга оид