Жамият | 17:47 / 25.04.2017
16646
4 дақиқада ўқилади

Юрт фидойилари хотираси – қалбларда барҳаёт

Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида айни кунларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Юрт фидойилари хотираси – қалбларда барҳаёт” мавзуидаги мазкур маънавий-маърифий тадбирда бир гуруҳ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ташкил этилди. 

Тадбирда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши аъзолари ва депутатлари Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ўша мудҳиш даврда халқимизнинг, ўз оиласининг ор-номуси, тинчлик ва фаровонлиги учун курашганларга ҳар томонлама эъзоз кўрсатиш, биз билан бирга умргузаронлик қилаётган қаҳрамонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилаётганлигини қайд этдилар.

Хусусан, “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида ташкил этилаётган бу йилги байрам муносабати билан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилмоқда.  

Ёлғиз ва кам таъминланган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маънавий-маърифий тадбир доирасида, шунингдек, партия фаоллари ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларидан иборат ташаббускор гуруҳ Чилонзор туманидаги “2-Чарх Камолон” маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Улар билан дилдан суҳбат қурилиб, байрам билан муборакбод этилди, совғалар улашилиб, хонадон ишларига кўмаклашилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.

 

Мавзуга оид