БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистон Париж Битимини имзолаганига ўз муносабатини билдирди
БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури мамлакат томонидан иқлим ўзгариши бўйича Париж битими имзоланганини маъқуллайди, деб хабар бермоқда Uzdaily.uz
Бу Битим биринчи умумий ва қонунан мажбурий глобал иқлим келишуви бўлиб, у БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Томонлар Конвенциясининг 21 Анжуманида 2015 йилнинг 12 декабрь куни маъқулланган ва 2016 йилда кучга кирди. Ўзбекистон, ушбу Конвенция Томони сифатида Париж Битимини 2017 йилнинг 19 апрель куни имзолади.
«БМТ Тараққиёт дастури дунёнинг 140 давлатида амалга оширилаётган иқлим ўзгаришини олдини олиш ва унинг оқибатларига мослашиш бўйича 20-йиллик ишига асосланиб, Ўзбекистонга мамлакатнинг Париж Битими доирасида имзоланган иқлим ўзгариши масалаларини ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларига кўмак беришда давом этишга тайёр», - дея айтиб ўтди Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер.
Яқинда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги офиси ва Ўзбекистон Республикасининг архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси томонидан янги кенг кўламли лойиҳани тасдиқлаш ва имзолаш Париж Битимининг мамлакат томонидан имзоланиши билан деярли бир вақтга тўғри келди. Лойиҳада энерго самарали ва паст-углеродли қишлоқ уй-жойлари ва қишлоқ аҳоли пунктларини лойиҳалаштириш ва қуриш мақсад қилинган.
Умумий бюджети 6,3 млн. АҚШ доллари бўлган ҳамда Глобал экологик фонд ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа турар-жой секторида энергия ва ресурслар самарадорлигини ошириш бўйича инновацион вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган. У парник газларнинг миллий ва глобал даражада чиқариб ташланиши камайишига олиб келади.