Жамият | 10:00 / 03.05.2017
9219
3 дақиқада ўқилади

Матбуотчилар кўчасидаги фаввора эътибордан четда қолмоқда

Фото: Кун.uz

«Халқ сўзи» мухбирлари 1 май куни «Фавворалар сайли» муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирларда бўлишди. Нашрнинг интернет версиясида «Фавворалар сайли» сарлавҳали мақола жойлаштирилган

«Пойтахтимизда жойлашган давлат муассасалари, музейлар, банклар, ресторан ва кафелар ёнида, бозорларда, ўқув муассасаларида, истироҳат боғлари ҳамда халқ сайиллари ўтказиладиган жойларда бири-биридан чиройли 60 дан ортиқ фавворалар мавжуд бўлиб, улар ҳудудда жозибали микроиқлим яратган. 

Тиббиёт мутахассисларининг айтишича, фавворалар олдида сайр қилиш саломатлик учун фойдалидир. Мусаффо сув кишига ҳузур-ҳаловат бағишлаб, кайфиятини кўтаради, чарчоқни олади. Фаввора суви жилосини кузатадиган инсонларда қон айланиши ва мия -фаолияти яхшиланади, асаб тизими тинчланади.

Барча қулайлик мавжудлиги туфайли фавворалар атрофи болажонлар, ёшлар ва фахрийлар, пойтахтимиз меҳмонлари билан ҳамиша гавжум. Бундай хушманзара жойларда мактаб, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар учун сайёр дарслар ўтказилади, учрашувлар белгиланади, келин-куёвлар ва кўплаб сайёҳлар суратга тушади», дейилади мақолада.

«Фавворалар сайли» пойтахтдаги 13та манзилда ташкил қилинди. Унда санъаткорлар, шоир ҳамда ёзувчилар, сўз усталари, кино ва театр актёрлари қатнашди. Шунингдек, ёш шоирларнинг мушоиралари, Тошкент шаҳридаги «Баркамол авлод» болалар марказлари, мусиқа ҳамда санъат мактаблари ўқувчилари ва ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси, «Камолот» ЁИҲ фаолларининг турли танлов ҳамда викториналари уюштирилди.

Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройи, «Болажон» маданият ва истироҳат боғи, «Интернэшнл Тошкент» меҳмонхонаси, Хадра майдони, «Истиқлол» санъат саройи орқа майдони ҳамда бошқа ҳудудларда фавворалар ёнида барча мириқиб ҳордиқ чиқарди.

«Биз жойлардаги тадбирларда иштирок этиб, ортга қайтар эканмиз, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй олдида анчадан буён ишламай ётган фавворага ҳам орзу-умидлар билан қараб ўтдик...», дея якунланган мақола.

Мазкур фаввора ишламай қолганига кўп йиллар бўлди, охирги марта қачон ишлаганини эслайдиганлар топилмади. 

Қайд этиш керакки, мазкур бино, матбуот журналистикасининг асосий нашрлари таҳририятлари жойлашган бино Тошкент шаҳри ҳокимияти тасарруфидадир.

Мавзуга оид