Ўзбекистон | 16:40 / 24.05.2017
44208
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати Файзулла Муллажонов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Файзулла Муллажонов. Фото: Олий Мажлис Сенати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари томонидан Файзулла Муллажонов вафоти муносабати билан таъзия билдирилди. Таъзия матни ЎзА томонидан келтирилган.

Мамлакатимиз банк-молия тизими оғир жудоликка учради. 

Ўзбекистон банк тизими асосчиларидан бири, атоқли иқтисодчи, тажрибали раҳбар, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Файзулла Мақсуджонович Муллажонов шу йил 23 май куни 67 ёшида тўсатдан вафот этди. 

Ф.Муллажонов 1950 йили Сирдарё вилоятида туғилди. 1971 йили Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини давлат банки Сирдарё вилояти бўлимида кредит назоратчиси вазифасидан бошлади. Кейинчалик ушбу вилоятда банк соҳасида турли масъул лавозимларда хизмат қилди. 

Катта меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган Ф.Муллажонов 1991 йилда, мамлакатимиз эндигина давлат мустақиллигини қўлга киритиб, янги даврга қадам қўйган мураккаб бир шароитда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси этиб тайинланди. 

Ана шу ўта масъулиятли лавозимда қарийб 26 йил самарали фаолият кўрсатиб, Ф.Муллажонов эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш жараёнида банк-молия тизимини шакллантириш ва ривожлантириш, миллий валютамизни жорий этиш, олтин-валюта захирасини мустаҳкамлаш, банк соҳаси учун замонавий кадрлар тайёрлаш борасида ўзининг юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятини намоён этди. 

Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон банк тизимини халқаро талаб ва мезонлар асосида тараққий топтириш, унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини ошириш борасидаги катта хизматлари халқимизга яхши маълум. 

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳа ва тармоқларида хизмат қилиб келаётган кўплаб раҳбар ходимлар, банк-молия мутахассислари ҳақли равишда ўзларини Ф.Муллажоновнинг шогирдлари, деб ҳисоблайдилар. 

Ф.Муллажоновнинг кўп йиллик самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди. 

Ўзбекистон банк-молия соҳасининг йирик намояндаси, меҳрибон устоз, камтарин инсон Файзулла Муллажоновнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади. 


Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,

А.Арипов, У.Исмоилов

Мавзуга оид