Ўзбекистон | 11:38 / 29.05.2017
8221
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ягона мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази синов тариқасида ишга туширилмоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу йилнинг 25 май куни Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоят филиалида Ягона мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази (ЯМДМ)нинг пилот лойиҳаси намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берган. 

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Соглиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази "Ўзмединфо" ходимлари, тизимли интегратор Inline Telecom Solutions компанияси ҳамда “Ўзбектелеком” АКнинг мутахассислари иштирокида кўрсатилди. Ҳужжатларга кўра, ягона мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик марказлари Ўзбекистоннинг 13 ҳудудида ташкил этилиши мўлжалланмоқда. Бу марказлар ягона автоматлаштирилган бошқарув тизими томонидан бошқарилади. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоят филиалида ташкил этилган ягона мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази эса ушбу йўлда ташланган дастлабки қадам бўлди.

Маълум бўлишича, эндиликда ушбу марказ шошилинч ҳолатлардаги ҳар бир мурожаатни ўз вақтида тезкорлик билан истисносиз бажарилишига хизмат қилади. Қабул қилинган ва расмийлаштирилган ҳар бир мурожаат ўша заҳотиёқ кўчма бригадага бемор ҳақидаги керакли тиббий ахборот ва унинг жойлашиш манзили ҳақидаги маълумотлар билан биргаликда радио рация қурилмалари орқали узатилади.

Мавзуга оид