Жаҳон | 16:50 / 30.05.2017
34500
2 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг собиқ президенти АҚШга жиддий айблов қўйди

Фото: Anadolu

Афғонистонда ИШИД бўлинмалари АҚШнинг мамлакатда ҳарбий ҳаракатлари туфайли пайдо бўлган. Бу ҳақда "Анадўлу" агентлигига берган интервьюсида Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳудудида хорижий мамлакатлардан келган ИШИД жангарилари ҳаракатланмоқда ва уларни АҚШ қўллаб-қувватламоқда.

Собиқ президентнинг ҳисоблашича, АҚШ Афғонистонда терроризм тўла ғалаба қозонишидан манфаатдор ҳисобланади.

«АҚШнинг ҳарбий контингенти терроризмга қарши кураш мақсадида 2002 йилдан буён Афғонистонда бўлиб турибди. Аммо мамлакатда террористик таҳдид кун сайин ортмоқда. Америкалик ҳарбийлар фақатгина ИШИД позициялари мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда», - деган Карзай. 

Собиқ президентнинг ҳисоблашича, ИШИДнинг Афғонистондаги биринчи галдаги мақсади вазиятни беқарорлаштиришдир. 

«ИШИД террорчилари тинч аҳоли вакилларига шафқатсиз муносабатда бўлмоқда, бегуноҳ кишиларни ўлдирмоқда. Босиб олинган ҳудудларда улар қадриятларни яксон этишмоқда», - деган у. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ, Буюк Британия ва Ғарбнинг бир қатор мамлакатлари ҳамда Россия «Толибон» ҳаракатига алоқадор бўлиши мумкин. 

Президентнинг айтишича, охирги вақтларда толибонларнинг Афғонистондаги мавқеи ўсмоқда.

Собиқ президент «Ҳизби Исломий» гуруҳи раҳбари Гулбиддин Ҳикматёр Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун ўз ҳиссасини қўшаётганини эътироф этган.

У сўзи якунида толибонларни музокараларга чорлаган.

Мавзуга оид