Ўзбекистон | 14:00 / 02.07.2017
69015
3 дақиқада ўқилади

Магистратурага қабул бошланди. Имтиҳонларга янги фан киритилди

1 июль куни Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларида (ҳарбий ОТМлардан ташқари) магистратура йўналишларига қабул комиссиялари иш бошлади. «Xushnudbek.uz» сайти магистратура имтиҳонларига ва қабул жараёнига киритилган ўзгаришлар ҳақида ёзди.

Жорий йилда магистратурага 5 минг талаба, шундан 1556 нафари давлат гранти, 3444 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Maгистратурада умумий квоталар сони ўтган йилгига қараганда ўзгармаган.

20 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан «Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги янги низом тасдиқланган эди. Низомга биноан, қабул жараёнларига айрим ўзгаришлар киритилди.

Шунга кўра, магистратурага қуйидаги фанлардан ёзма (ёки ижодий) кириш синовлари (махсус тест синовлари) бўлиб ўтади:

магистратура мутахассислигига мувофиқ келувчи таълим йўналишининг махсус фанлари (иккитагача);

Информатика ва ахборот технологиялари;

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти;

чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили).

Янги киритилган информатика фанидан синов 50 баллик тизимда баҳоланади. Бунинг натижасида умумий баллар миқдорида ҳам ўзгариш бўлди. Magisтратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл эндиликда 400 ни ташкил этади. Илгари 350 балл эди.

Яна бир ўзгариш — чет тили фанидан кириш синовида қатнашмасдан максимал балл бериладиган имтиёзли сертификатлар сони кенгайди. Илгари фақат TOEFL бўйича камида 58 ёки IELTS бўйича камида 5 балл олганлиги тўғрисида сертификати бор абитуриентга автоматик 50 балл берилар эди.

Эндиликда бунда имтиёзли сертификатлар рўйхатига CEFR бўйича камида В2 даража ёки ДТМ томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга ҳам чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.

Мавзуга оид