Ўзбекистон | 10:00 / 03.07.2017
118503
3 дақиқада ўқилади

25 ёшли магистр агентликда раҳбар лавозимга тайинланди

Ўзбек тилида сўзлашадиган робот ихтирочиси бўлган 25 ёшли Олим Тўйчиев Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақида агентлик сайтида маълум қилинган.

У агентликдаги технологиялар трансферини ташкил қилиш ва инновация ярмаркалари ўтказиш, Халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, Ахборот-коммуникация технологиялари ва Олий таълимдан кейинги таълим тизими бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларига масъул бўлади.

Айни вақтга келиб, Тўйчиев агентликда ўз иш фаолиятини бошлаб юборган. 

Олимжон Тўйчиев Тошкентдаги Турин политехника университетини тамомлаган.  2011 йил университет қошида «Мехатроника» марказида мутахассислар Элдор Ҳасанов ва Маҳмуд Султонов кўмагида турли инновацион лойиҳаларни бирма-бир рўёбга чиқара бошлади.

Олимжон мазкур марказда овоз ёрдамида бошқариладиган роботни ихтиро қилди. Бу ихтиро дастурлар орқали оғзаки айтилган буйруқни бажаради ва у билан мобиль алоқа ёрдамида исталган ҳудуд, исталган масофадан туриб боғланиш мумкин.

Кейинчалик у «Минисумо» ва «Микросумо» йўналишларидаги технологик ишланмаларни ҳам яратди. Шунингдек, у хорижда бўлиб ўтган «GEEK PICNIC» техника ва технологиялар фестивалида Олимжон Тўйчиев «Робосумо» бўйича мусобақада иштирок этди. Беллашув давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган 70 жамоа ишланмалари орасида ҳамюртимизнинг лойиҳаси «Энг технологик робот» деб топилди.

2013 йил 4 декабрь куни Президент Фармонига мувофиқ, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшлар қаторида Олимжон Тўйчиев «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

Маълумот ўрнида: Олимжон Тўйчиев 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида таваллуд топган. 2014 йилдан буён Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети технопарк янги лойиҳалар бўйича муҳандиси вазифасида ишлаб келган. 2015 йилда ушбу университетнинг бакалавр йўналишини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Ҳоффенҳайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларида эркин сўзлаша олади.

У шу вақтгача Турин политехника университети магистратура босқичида таҳсил олиб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги Қурултойи вақтида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қурултойда чиқиш қилган 23 ёшли йигит Алишер Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар этиб тайинлади.

Мавзуга оид