Спорт | 07:45 / 06.07.2017
8848
2 дақиқада ўқилади

Гарри Каспаров шахматчилик фаолиятини қайта бошламоқчи

Фото: epa/vostock-photo

Россиялик шахмат устаси Гарри Каспаров спорт фаолиятини қайта бошлаб, Сент-Луисдаги (АҚШ) Grand Chess Tour мусобақасининг 3-босқичида иштирок этади.

Мукофот жамғармаси 300 минг долларни ташкил қиладиган мусобақа 2-12 август кунлари бўлиб ўтади. Унда бутун дунёдан кучли шахматчилар иштирок этадилар. Каспаров эса асосий мусобақалардан кейин 14-19 августлари ўтадиган рапид ва блиц йўналишларида беллашади. Бунда унга 9 шахматчи, жумладан россиялик Сергей Карякин ва Ян Непомняший рақиблик қилади.

"Ўйинга расман қайтиш олдидан ҳаяжон ҳис қилмоқдаман ва бу фаолиятим тугагандан 10 йил кейин бўлишини кутмагандим. Сент-Луисда шахмат тахтасига қайтиш чинакамига шарафдир, мен бу лаҳза бошқа ерда юз беришини истамасдим", деб айтган 54 ёшли Каспаров.

Каспаров тарихдаги энг кучли шахматчилардан бири ҳисобланади. У шахматлар бўйича 13-жаҳон чемпиони ҳисобланади ва бу унвонни 1985 йилдан 1993 йилгача ўзида сақлаб келган. Каспаров 2005 йилда шахматчилик фаолиятини якунлашини эълон қилганди.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид