Жамият | 15:15 / 15.08.2017
215094
8 дақиқада ўқилади

Президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзлари яна нотўғри талқин қилинди

Борини эл-юрт билан баҳам кўришни истайдиган халқимиз ўзининг тўйлари билан машҳур. «Топганинг тўйларга буюрсин, илоё», дея дуо қилишади нуронийларимиз ҳам. Азал-азалдан шаклланиб келган, тўйларимиз билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз эзгу қадрият даражасига кўтарилган. Сабаби уларда ўзбек халқининг бой маънавий дунёси, маданияти акс этган.

Аммо кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, кимўзарга тўй қилиш, одамлар ўртасида сохта обрў топиш, турли тўқликка шўхлик қилувчи одамлар томонидан ўйлаб топилиб жорий этилаётган, қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган янгича урф-одатлар авж олаётгани кишининг дилини хира қилади. Уларда халқимизнинг кўҳна ва бой маданияти эмас, балки айрим кимсаларга хос бўлган мақтанчоқлик, хўжакўрсинлик, кибру ҳаво намоён бўлмоқда.

Биргина келин томоннинг мебелу сарпо-суруқ ҳамда куёвнинг уйини безаш каби ярамас иллатлар тобора илдиз отаётгани ҳар бир мулоҳазали кишини ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта.

Бу жиддий масалани Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижод аҳли билан учрашганларида шахсан тилга олиб ўтди. Президентимизнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифида ҳам тўй мавзуси яна кўтарилди. Ушбу учрашувлар мобайнида жонкуярлик билан айтилган, беҳуда одатлардан воз кечган ҳолда аввало юртдошларимизнинг соғлиғини, моддий ва маънавий дунёсини асрашга қаратилган сўзлар айтилди.

Аммо кейинги кунларда интернет нашрларида президент сўзлари нотўғри талқин этилиб, (контекстдан сўзлар ажратиб олинган ҳолда) ўзига хос ахборот хуружи амалга оширилиши кузатилмоқда.

Бундай хабарларда тўйларни ихчамлаштириш ортидан тўй индустрияси талофат кўраётгани дастак қилинади. Бу яна қанақа индустрия бўлди? Ўша тўйларимизда пайдо бўлаётган ярамас одатларни урчитаётганлар, янгидан-янги одатларни жорий этаётганлар норозими энди бу тавсиядан?

Чиндан ҳам, ўша «келиннавкар», «Love story», ўнлаб машиналардан кортеж ясаш, одамлардан ортиб қолиб чиқиндига ташланадиган улкан торт кесиш каби янгича одатлар қадриятларимиз, ўзбекчилигимизга мутлақо ёт нарсалар эмасми? Ахир, ноннинг увоғини ҳам увол қилишни катта гуноҳ деб биладиган халққа ярашадими шу одатлар?!

Президент тўй қилаётган оилаларга қийин бўлмаслигини — янги пайдо бўлган урф-одатларни бажараман, дея мутлақо ўзини оқламайдиган ортиқча сарф-харажатларга кириб, қарзга ботиб, соғлиғидан айрилиб қолаётган ҳамюртларимизни ўйлаб, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ҳақида куюнчаклик билан гапириб ўтди. Айни пайтда жамиятимизда ёш оилаларнинг бузилиб кетаётганига бош сабаб ана шундай тўйлар ортидан келаётган машмашалар эканлиги ҳамма жойда айтилаяпти-ку!? Ҳамма кўриб-билиб, ўзи гувоҳ бўлиб турибди бундай «томоша»ларга. Бундай дабдабали тўйларга ич-ичидан қарши бўлган, аммо «одамлар қиляпти, мен ҳам қилишга мажбурман, қанийди ҳаммани бирдай тартибга солувчи қонун-қоидалар бўлса» деб ўйловчи юртдошларимиз ҳам кўплигини биламиз. 

Иддаога қаранг: кимдир келин-куёвга вальс (!) ўргатолмагани учун энди ишсиз қолган эмишу, энди бутун бошли тўй индустрияси банкрот бўлиш ёқасида эмиш. Хўш, бу «индустрия» ўзбек халқининг маънавий-маърифий дунёсига зид бўлса, бизни тараққиётдан тўсиб, оёғимизга тушов бўлаётган бўлса, саноқсиз муаммоларни келтириб чиқараётган бўлса, нима қилишимиз керак?! Балки бу «индустрия»ни қўллаб-қувватловчи, рағбатлантирувчи қарорлар қабул қилишимиз керакдир?! Тавба!

Нима, келинларимиз тўйхонада чиройли ўзбекона ҳарир ёпинғичда, миллий атласу лозимда ўтирса, маҳраму номаҳрамнинг олдида вальс тушмаса, замондан ортда қолган ҳисобланадими?! Замонавийлик тушунчасини одамнинг илғор дунёқараши, эришаётган ютуқлари белгиламайдими?!

Тўйларимизда европача алмойи-жалмойи қўшиғу рақслар эмас, ўзбекона чиройли ўйинбоп қўшиқларга кенг ўрин бериш кераклиги ҳақида ҳам гапирилаяпти. Албатта, чиройли ўзбекона миллий рақс ва куй-қўшиқлар ҳар қандай миллий тўйимизнинг безаги бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Қолаверса, миллий куй-қўшиқларимиз тўй аҳлига шодлик, хурсандчилик улашиш билан бирга, онгу шууримизга ўзбекона қадриятларни шакллантириши ҳам бор гап. Ҳозир-чи? Четдан келган ажнабий тўйларимизда ўтираркан, ҳайрон қолади: туркча, арабча, форсча, русча, инглизча қўшиқлар кетма-кет айтилади-ю, ўзимизнинг қўшиқларимизга тўй саҳнасидан жой топилмайди. Жой топганлари ҳам хориж оҳангларига солинган қоришиқ тароналар...

Тўй индустриясини ўйлаётганлар ташвишланмасин: ўзбек тўй қилар экан қўшиқчиларга ҳам, раққосаларга ҳам иш топилаверади. Фақат улар миллийлигимизни, гўзал туйғуларни тарғиб этиш этагидан маҳкам ушлаб олишса бас. Улардан кутадиганимиз шу.

Эслайман, ўзимнинг тўйимда сўзга чиқувчилар ўзлари ёзган, шунингдек, Муҳаммад Юсуф, Хосият Бобомуродова шеърларидан ўқишган экан. Анча бўлибди ўйлаб қарасам, тўйларда чиройли шеърлар ўқилаётганини эшитмаганимга. Мана шундай гўзал одатларни тиклаш керак эмасми? Шу эмасми маънавий қадриятларимиз? Диний уламоларимиз ҳам бундай бидъат-тадбирлар мусулмончилигимизга мутлақо ёт эканини бот-бот такрорлаб келишмоқда.

Халқаро пресс-клубнинг Самарқандда бўлиб ўтган сайёр анжуманида ҳам тўйлар мавзуси кўтарилди ва унда сўзга чиққан ҳамшаҳар қизимиз ёшларимизнинг Европага таассуб қилиб тўйларда мана шундай янгича урф одатларни жорий қилаётганини айтиб ўтди. Шунда ХПК модератори Шерзод Қудратхўжаев Европада тўйлар ўта ихчам ўтишини, улар бундай исрофгарчиликни ўзларига раво кўрамаслигини таъкидлади. Дарҳақиқат, ўзи ёшларимиз кимга таассуб-тақлид қилмоқда? Кимдан ўрнак олишмоқда? Бунақа дабдабабозлик, манманлик, шуҳратпарастлик Европада ҳам, Россияда ҳам, бошқа жойда ҳам учрамайди. Ўзимиз ўйлаб топиб, ўзимиз жорий қилган бўлиб чиқмаяпмизми? Демак, ўзимиз барҳам беришимиз керак. 

Минг дабдабали, минг харажатли тўй қилманг, сиз гапиришини, алқашини истаган одамлар узоғи бир, борингки, икки ҳафта гапириб юришади. Албатта, шунга имконияти етадиганлар ўз маблағларини истаганича тасарруф этишга ҳақли. Лекин «лайлак»ка таассуб қилаётган «чумчуқ»лар-чи? Кўрпачага қараб оёқ узатиб, тўйларни ихчам, чиройли, миллий урф-одат ва анъаналаримиздан четлашмасдан ташкиллаштириш соғлом ақл, мантиқ талаби-ку. Бугун ана шундай ўртача ва ихчам, ҳар икки қуда томонга оғир тушмайдиган тўйларни ижод аҳли — шоиру-адибларимиз, киночиларимиз ва телевидение ҳамда босма нашрлар тарғиб қилиши исталмоқда. Санъаткорларимиздан ҳам бу борада бош-қош бўлиш сўралаяпти.

Шу сабабли ҳозирги кунда халқимизни маънавий юксалтириш, азалий қадриятларимизга амал қилишга чорлаш юзасидан айтилаётган ҳар бир гапнинг мағзини чақиб, контекстдан юлиб олмасдан, турли иғвогарларнинг дийдиёларига учмасдан, халқимиз, энг аввало, яқинларимиз ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш ишлари олиб бориш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Менимча, янгидан барпо этилган Ёшлар иттифоқининг ҳам бош дастурларидан бири мана шу бўлиши керак.

Тўй «индустрияси»ни ўйлаб ташвиш чекаётганларга эса гапимиз шу: ҳар қандай ҳаракат халқнинг эътиқодига, минг йиллик қадриятларига қарши бўлса, элу юртнинг бугуни ва келажаги учун зиён келтирса, у ҳар қанча чиройли ниқоблар билан безатилмасин, чекланиши шарт. Ўзбек халқининг маънавиятига болта уриб чўнтак қаппайтираман деганлар, яхшиси, ҳалол тирикчилик йўлига ўтгани маъқул...

Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ журналисти.

Мавзуга оид