АПЛ. Августдан кейинги 5 дастлабки хулоса
Ўтган йилнинг шу пайтида АПЛ да “Манчестер Сити”ни ютадиган жамоа йўқ, Антонио Конте эса, истеъфо остонасида турганди. Кейинчалик, ҳаммаси қай даражада ўзгарганини яхши биламиз. Лекин барибир эсимиз кирмайди ва эътиборингизга август ойидаги АПЛ ўйинларидан кейин пайдо бўлган дастлабки хулосаларни тақдим этамиз Якунда нотўғри бўлиб чиқса ҳам.
1) “ЛИВЕРПУЛЬ”НИНГ ҲУЖУМКОРЛИГИ КОУТИНЬОГА БОҒЛИҚ ЭМАС
“Ливерпуль” бор кучи билан таркибида ўйнашни истамаётган Коутиньони олиб қолишга ҳаракат қилаётганини дастлабки турлар у қадар оқлагани йўқ. Клопп шогирдлари Коутиньосиз ҳам ҳужум чизиғида юксак потенциал соҳиблари эканликларини исботламоқдалар. Жамоа уч ўйинда 8 гол киритиб улгурди ва бу лигада фақат “МЮ”дан паст кўрсаткич холос. “Ливерпуль” рақиблари кучлироқ эканини ҳам эътиборга олиш лозим.
Жамоа сафига янги келиб қўшилган Муҳаммад Салоҳ ҳозирча ишончни оқламоқда – унинг ҳисобида аллақачон 2 гол ва 1 голли узатма мавжуд. Мавсумнинг иккинчи ярмида сафга қайтадиган Лалланани қўшмак, марсисайдликлар янаям кучли кўриниш ҳосил қилишлари мумкин.
Бошқа тарафдан, “Ливерпуль”нинг ҳимоявий ўйин кўрсатадиган рақибларга қарши қандай ўйнай олишини кўришимиз керак. Масалан, “Кристал Палас”га кечган ўйинда Клопп шогирдлари рақиб дарвозасини ишғол қилишга қийналишди. Бундай ўйинларда узоқ масофадан берилган зарбалар ёки ноодатий паслари билан рақиб ҳимоясини енга оладиган Коутиньонинг йўқлиги билиниши эҳтимол.
2) “МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД” ЎТГАН ЙИЛГИДАН КЎРА КУЧЛИРОҚ
Ибраҳимович ўрнига Лукакунинг келиши “МЮ”ни бу қадар кучайтириб юбормагани табиий. Балки бу, Жозе Моуриньо айтганидек, мураббий ва футболчилар ўртасидаги ўзаро тушуниш яхшиланганига боғлиқдир. Погба ва Мхитарян ўзлариннинг иккинчи мавсумини ўтказаётганликлари сабабдир...
Нима бўлгандаям, “МЮ” айниқса гол уриш борасида ўтган йилгидан яққол устун эканини пайқаш мумкин. Ўтган мавсумда “МЮ” айнан гол уришда қийналгани туфайли, аксарият ўйинлар 1:1 ҳисобида якунланган эди. Жамоа “Олд Траффорд”даги 19 ўйиндан 12 тасида биттадан ортиқ гол ура олмаган. Август ойида эса, 3 ўйинда 10 гол киритилди. 10 гол 7 футболчи томонидан киритилганини, голларнинг 7 таси ўйиннинг сўнгги чорагига тўғри келишини эътиборга олсак, жамоа ранг-баранг, тезкор ҳужум қилмоқда ва бир гол билан кифояланишни истамаяпти.
3) МОРАТА АНГЛИЯДА ЎЙНАЙ ОЛАДИ
Алваро Мората ва Ромелу Лукакунинг қайси бири фойдалироқ экани ҳақидаги дилемма қаршисида қолган клубларни асосан испаниялик футболчининг АПЛ да қай даражада мослашиб кета олиши ўйлантирган бўлиши табиий.
Собиқ “Реал” футболчиси бу шубҳаларни йўқотиш учун тўлиқмас уч ўйин сарфлади холос. “Стемфорд Бриж”даги дебют ўйинида у қисқа вақтда бир гол ва голи узатма амалга оширди, “Эвертон”га қарши кейинги уй учрашуви ҳам худди шундай сермаҳсуллик такрорланди. Шу тариқа Алваро “Стемфорд”даги илк икки уй ўйинида 2+2 натижани қайд этган илк футболчи сифатида тарихга кирди.
4) “БЁРНЛИ” САФАРДА ЎЙНАШНИ ЎРГАНИБ ОЛДИ
Ўтган мавсумда “Бёрнли” асосан бир жиҳат билан кўпроқ тилга олинди – жамоа сафарда ўйнай олмади. Ўтказилган 19 ўйиннинг 15 тасида жамоа мағлубиятга учради. Фақат мавсум сўнггида, АПЛ да қолиш учун аёвсиз кураш кечаётган паллада “Кристал Палас” устидан ғалаба қозонилди холос.
Бу сафар ҳаммаси тескари кўриниш олади шекилли. “Бёрнли” сафарда ўтган мавсумнинг энг кучли икки жамоаси – “Челси” ва “Тоттенҳэм”га қарши майдонга тушган бўлишига қарамасдан, 4 очко олишнинг уддасидан чиқди. Бу Шон Дайч шогирдларига қўшимча ишонч бериб, жамоа топ клублар учун бош оғриғи бўлиб қолса, не ажаб.
Бу ўйинларда айниқса, жамоа посбони Том Ҳитонни алоҳида таъкидлаш керак. 31 ёшли дарвозабон юқорида тилга олинган ўйинларда ҳақиқий қаҳрамонга айланди. Терма жамоанинг биринчи рақамли посбони Жо Ҳарт 3 турда 10 гол ўтказиб юборишга улгурди, балки Саутгэйт уни биринчи рақамли дарвозабон сифатида синаб кўрар.
5) “ТОТТЕНҲЭМ”ГА САФАР ЭНДИ ҚЎРҚИНЧЛИ ЭМАС
“Тоттенҳэм”нинг ўтган мавсумдаги ажойиб натижасига асос бўлган омиллардан бири Почеттино шогирдларининг “Уайт Ҳарт Лейн”даги ажойиб ўйинлари эди. Жамоа ушбу стадионда мавсум давомида атиги икки марта дуранг қайд этди холос, қолган ўйинларда ғалаба қозонди. Топ-6 жамоалар ичида фақат “Манчестер Юнайтед” кераксиз бир гол урганини айтмаса, на “Челси” на “Ливерпуль”, на “Манчестер Сити” ва на “Арсенал” бу стадионда гол ура олдилар.
“Уайт Ҳарт Лейн” бузилиб кетди, “Тоттенҳэм” уй учрашувларини “Уэмбли”да ўтказмоқда. Стадион жамоа учун бегона эмас, ўтган йили лондонликлар еврокубок ўйинларини айнан ўша ерда ўтказган эдилар. Аммо “Тоттенҳэм” “Уэмбли”даги 4 ўйиндан атиги биттасида ғалаба қозона олганди холос.
Ушбу анъана энди АПЛ да ҳам давом этмоқда. “Челси” ва “Бёрнли”га қарши ўйинларда “Тоттенҳэм” атиги 1 очко олди ва ўтган йили бутун мавсум давомида йўқотган очколардан кўпроғини йўқотиб улгурди.
Мутахассислар буни “Уэмбли”нинг ўлчами бироз катталигини ва бу “Тоттенҳэм”нинг услубига мос эмаслигини, рақибга босим уюштиришни муваффақиятли амалга ошириш имкони пасайганини айтаётган бўлишса-да, Почеттино бу фикрларни рад этмоқда. Нима бўлгандаям, “Тоттенҳэм”нинг асосий фишкаларидан бири бўлган “Уайт Ҳарт Лейн даҳшати” энди йўқ.
Қ.Асланов
Мавзуга оид
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
11:34 / 30.09.2024
Мадрид дербисида тўполон, «МЮ» йирик ҳисобда ютқазди. Кун ўйинлари
12:56 / 22.09.2024