Фан-техника | 17:37 / 25.09.2017
9021
2 дақиқада ўқилади

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича энг яхши давлат органи аниқланди

Фото: ICTWeek

Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари, ахборот хавфсизлиги ва дастурий маҳсулотлар бозори ривожланишини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда «ICTWEEK Uzbekistan» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 19-22 сентябрь кунлари пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида ташкил этилган ҳафталикда юртимиз ва хориж олимлари томонидан яратилган юзлаб ишланма ҳамда технологиялар намойиш этилди.

Асосий эътибор мамлакатда «Электрон хукумат» тизимини ривожлантиришга қаратилган мазкур тадбирда Давлат солиқ қўмитаси давлат солиқ хизмати органларида ривожланган ахборот-коммуникация технологиялари мавзусида тайёрланган лойиҳалар, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари, маълумотлар базасини шакллантиришда катта хисса қўшаётган дастурий маҳсулотлар, онлайн назорат-касса машинаси ишлаш лойиҳаси, маълумотларни қайта ишлар маркази ҳамда корпотарив алоқа тармоқларининг инфратузилмаси макетлари билан иштирок этди.

Давлат солиқ қўмитаси томнидан тақдим этилган лойиҳалар анжуманга ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар, алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда бир қатор вазирлик ва идораларнинг раҳбарларида катта таассурот ва қизиқишлар уйғотди.

«ICTWEEK Uzbekistan 2017» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги якунида Давлат солиқ қўмитаси «Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича энг яхши давлат органи» номинациясида ғолиб деб эътироф этилиб, махсус диплом ва статуэтка билан тақдирланди.

Мавзуга оид