Фан-техника | 22:50 / 28.09.2017
5421
2 дақиқада ўқилади

Intel ва Ericsson Хитойда 5G тармоғини синовдан ўтказишди

Фото: EAST NEWS

Intel ва Ericsson компаниялари Пекинда илк марта кўп турдаги симсиз 5G тармоғининг ўзаро ишлашини намойиш қилишди. Синов 5G тармоғини ёйиш учун мўлжалланган 3,5 ГГц ли диапазонда амалга оширилган.

Бу синовлар Хитойнинг саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги раҳбарлиги остида мамлакатнинг йирик алоқа операторлари учун ажратилган диапазонда симсиз интерфейс ва аппарат таъминотининг ўзаро мослигини текшириш доирасида бўлиб ўтган. 

Ericsson муҳандислари яратган прототип Massive MIMO технологиясидан фойдаланган, Intel эса 5G New Radio стандартини қўллаб-қувватловчи 3-авлоддаги Mobile Trial Platform платформасини тақдим қилган.

Бундан ташқари, Intel ўтган ҳафтада 5G New Radio баённомаси синовлари бўйича Huawei компанияси билан шерикчилик келишувини имзолаганини маълум қилган. Intel синовлар вақтида 6 ГГц дан пастроқ диапазонда Huawei базавий станцияси прототипи билан бирга Mobile Trial Platform’дан фойдаланмоқчи. Huawei’да таъкидланишича, бу синовлар ушбу индустриянинг бўлғуси йўналишини белгилайди ҳамда 5G стандартидан тижорат мақсадларида фойдаланишга оз қолганини кўрсатади.

Qualcomm раҳбари Стивен Молленкопфнинг фикрича, 5G форматига оммавий ўтиш у тахмин қилгандан бир йил аввал, яъни 2019 йилда бошланади. Биринчи бўлиб дўконларида 5G’га эга қурилмалар пайдо бўладиган давлатлар орасида АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва Хитой бўлади.

Мавзуга оид