Жаҳон | 00:25 / 28.09.2017
5702
2 дақиқада ўқилади

Туркия авиакомпаниялари ва Flydubai Ироқ Курдистонига парвозларни тўхтатмоқдалар

Фото: flydubai.com

Туркия авиакомпаниялари 29 сентябрдан Ироқ Курдистони аэропортларига авиарейсларни бажаришни тўхтатадилар, деб айтилди Туркиянинг Эрбилдаги бош консуллигида. 

Аввалроқ Ироқ фуқаролик авиацияси бошқармаси маҳаллий вақт билан 29 сентябрь соат 18.00дан Ироқ Курдистонидаги Эрбил ва Сулаймония шаҳарлари аэропортларига барча халқаро парвозлар тўхтатилишини маълум қилган. Бунга эса мухториятнинг мустақиллиги бўйича референдум ўтказилгани сабаб бўлмоқда.

“Ироқ фуқаролик авиацияси бошқармаси кўрсатмасига мувофиқ, Turkish Airlines, Atlas Global ва Pegasus авиакомпанияларининг Эрбил ва Сулаймонияга ҳамда ортга рейслари жума куни соат 18.00дан амалга оширилмайди”, дейилган баёнотда.  

Шунингдек, БААнинг Flydubai авиакомпанияси ҳам Ироқ Курдистонига парвозларни 30 сентябрдан тўхтатмоқда. 

“Ироқ ваколатли идоралари томонидан ноталар олингандан кейин Flydubai 30 сентябрдан Эрбилга рейсларни вақтинчалик тўхтатади”, дейилган авиакомпания баёнотида.

Норозиликларга сабаб бўлаётган референдум 25 сентябрда бўлиб ўтган. Маълумотларга кўра, мухториятнинг мустақил бўлишига 92,7 сайловчилар овоз берган. Овоз беришнинг ўтказилишига Туркия, Эрон, АҚШ ва БМТ қарши чиққанди.

Ироқ ҳукумати референдумни ноқонуний деб топган ва мухториятнинг раҳбарияти билан овоз бериш натижалари бўйича музокаралар ўтказмаслигини эълон қилган. 

Мавзуга оид