Фан-техника | 08:48 / 17.10.2017
8855
2 дақиқада ўқилади

Daimler бир миллиондан кўпроқ машинасини қайтариб олмоқда

Фото: AFP 2017 / Thomas Kienzle

Германиянинг Daimler AG автоконцерни хавфсизлик ёстиқчаларининг ўз-ўзидан очилиб кетиши билан боғлиқ носозлик туфайли бутун дунё бўйлаб бир миллиондан кўпроқ машинасини қайтариб олмоқда. Бу ҳақда компания вакилига иқтибос келтирган ҳолда The Wall Street Journal нашри хабар берди. 

"Компания Буюк Британиядан 400 мингта ва Германиядан 200 мингта Mercedes-Benz машинасини қайтариб олади. Шунингдек, бошқа давлатлардан ҳам машиналар қайтариб олинади", деб айтган компания вакили.

Унинг айтишича, ушбу носозлик камдан-кам ҳолларда юз беради ва хавфсизлик ёстиқчаларининг ўзи носоз эмас. Ушбу ҳолат Takata корпорациясининг хавфсизлик ёстиқчалари билан боғлиқ можарога алоқаси йўқ. 

Япониянинг Takata корпорацияси 2014 йилда у ишлаб чиқарган хавфсизлик ёстиқчалари машина ҳаракатланганда ўз-ўзидан очилиб кетиши билан боғлиқ можаро марказида қолган. Ушбу носозлик камида 16 та ўлимга олиб келган. Ушбу носозликни тўғрилаш учун бутун дунёдан турли компанияларнинг миллионлаб машиналари қайтариб олинган. 

Daimler AG дунёдаги энг йирик автомобилсозлик концернларидан бири ҳисобланади. У 1883 йил ташкил топган. 1998 йилда АҚШнинг Chrysler компанияси билан бирлашиши натижасида Daimler Chrysler AG компанияси вужудга келган. Компания 2007 йилдан яна Daimler деб номлана бошланган.

Мавзуга оид