Жаҳон | 00:44 / 27.10.2017
10610
2 дақиқада ўқилади

Россия вертолёти 8 киши билан Шпицберген архипелагида йўқолиб қолди

Фото: РИА Новости / Нина Зотина

Россиянинг бортида 8 киши бўлган Ми-8 вертолёти Баренцбургдан (Шпицберген архипелаги) бир неча километр узоқликда фалокатга учраган ёки денгизга авариявий қўнишни амалга оширган. Воқеа юз берган ҳудудда норвегиялик қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ил-76 самолётини юборишга тайёрламоқда.

Вертолётда 8 киши: экипажнинг 5 аъзоси ва 3 йўловчи бўлган. Маълумотларга кўра, вертолётда Арктика ва Антарктика илмий тадқиқот институтининг ходимлари бўлган.

ФВВ маълумотларига кўра, Ми-8 Пирамида — Баренцбург йўналиши бўйича ҳаракатланган. У Баренцбургдан 10 км узоқликда Гренландия денгизи устида радарлардан йўқолиб қолган.

Россия энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, вертолёт экипажи билан охирги марта Баренцбург посёлкасигача 20 км қолганда алоқага чиқилган.

Россиянинг Баренцбургдаги бош консули Вячеслав Николаевнинг маълум қилишича, воқеа жойида Норвегия соҳилбўйи қўриқлаш хизматининг 5 та кемаси ва 2 та вертолёти иш олиб бормоқда. Унинг айтишича, вертолёт қаерга қулагани ёки авариявий қўнишни амалга оширганини ҳеч ким билмайди. Норвегия қутқарув хизматининг маълум қилишича, вертолёт фалокат сигнали бермаган.

Россиянинг "Центроспас" отряди ва "Лидер" маркази қутқарувчилари, сув ости қурилмалари ва дронлар бўлган Ил-76 самолёти қидирув-қутқарув ишларини ўтказиш учун Шпицбергенга жўнатишга тайёрланмоқда. 

ФВВ маълумотларига кўра, қидирув ишларини мураккаб об-ҳаво шароитлари қийинлаштириши мумкин.

Вертолётга эгалик қилган "Конверс Авиа" компанияси бош директори ўринбосари Дмитрий Желязковнинг айтишича, вертолёт экипажи сардори энг тажрибали ходимлардан бири бўлган.

Унинг айтишича, компания ходимлари қутқарув ишларига қўшилишган.

Мавзуга оид