Ўзбекистон | 22:48 / 02.12.2017
39081
9 дақиқада ўқилади

Мўъжизалар остидаги... оғир меҳнат – Хитой ва Кореяга саёҳат таассуротлари

Дунёда мамлакатлар кўп. Уларнинг сони 200 дан ортиқ. Аммо улар орасида ўз меҳнати ва саъй-ҳаракати билан юксак натижаларга эришган, намуна бўлишга арзийдиганлари оз. Аммо, шундай давлатлар борки, “Осиё йўлбарслари” деб аталмиш бу давлатлар тарих нуқтаиназаридан ўта қисқа бўлган бир даврда тараққиётнинг олий чўққиларига эришди. Ҳа, хато қилмадингиз, булар Хитой ва Кореядир. Журналист, сиёсий фанлар номзоди, доцент Шерзодхон Қудратхўжаев Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу мамлакатларнинг илғор давлатлар қаторидан ўрин олиши борасида кузатишлари ва фикрлари билан ўртоқлашади.

У даставвал Хитой ва Кореяда меҳнат сафарида бўлгани ҳақида ёзар экан, уларнинг бу қадар ривожлангани ўзида қатор саволларни пайдо қилганини айтади.

Фото: Facebook/Sherzod Kudratkhodjaev

“Бу халқлар, уларнинг яшаши, давлатларнинг гуркираб ривожланишини кўриб менда кўплаб саволлар туғилди - улардан нимани ўрганишимиз мумкин? Ибратли тарафлари нимада? Қандай қилсак, улар сингари жадал ривожланишимиз мумкин? Корея ва Хитой мўъжизаси замирида нима ётибди?, -  дея савол беради Қудратхўжаев. - Ахир яқин 30 - 35 йил ичида Хитой ва Корея ўта қолоқ давлатлар эди”.

У саволларига жавоб топишга ҳаракат қилар экан, бугунги Хитой ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) бўйича Америка билан тенг рақобат қилаётгани, Корея иқтисодиёти дунёда етакчи 15 таликка киришини таъкидлайди. Шу ўринда у ўзининг бир сирини ўқувчи билан баҳам кўради:

“Илгари Тошкентда юрганимда Хитойнинг 1,5 миллиард аҳолиси – унинг муаммоси, деб хом ўйлаган эканман. Аслида, бу унинг бойлиги, катта ютуғи экан. Чунки, 1,5 миллиард одам - бу шиддатли, соғлом рақобат дегани. Бу илғор ғоялар, олд ташаббуслар рақобати. Хитой жудаям улкан бозор. Тасаввур қилинг, Сиз битта маҳсулот ишлаб чиқардингиз, масалан, шоколад, йогурт ёки газета. Унинг нархи атиги 1 доллар бўлсин. Маҳсулотингиз тахминан 100 миллион одамга манзур бўлса, демак, сиз - мултимиллионерсиз...”.

Қудратхўжаев Хитойда маҳаллий аҳоли вакилидан ривожланишнинг бундай натижасига қандай эришганининг сирини сўрайди ва мезбон жавобидан ўзи ҳам таажжубланган бўлса, ажаб эмас.

“Бир хитойликдан сўрадим: “30 йилда бундай натижага эришишнинг сири нимада?”

Ҳамсуҳбатим кулганча жавоб қилди: “Бизнинг бошқа иложимиз йўқ эди. Биз оч эдик!”

Ўйланиб қолдим, балки, тўқлик фаровонликка ҳалақит берар. Балки, катта ерларга ега бўлиш, катта ютуқлар дегани эмасдир”.

Фото: Bloomberg

У фикрларини давом эттириб, ўқувчи эътиборини “Осиё йўлбарслари” бўлмиш мамлакатларнинг аксарияти, хусусан Сингапур, Корея, Япониянинг ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаганига қаратади.

“Ҳа, ҳа, ҳеч қандай: на газ, на нефть, на пахта ва на олтин. Улар бизга ўхшаб фалон нарсамиз бор, деб ўзига маҳлиё бўлиб, бир сидра тўйиб ўтирмайди. Ёки, давлат қилиши керак, деб кимнингдир қўлига ҳам қараб қолмаган”, - дея эътироф этади

У Хитойдаги саёҳатидан олган таассуроти билан ўртоқлашар экан, мамлакат қишлоқ хўжалиги ўта ривожланганини таъкидлайди.

“Ҳар бир қарич ер чопилган, қаралган, суғорилган. Кўплаб иссиқхоналар мавжуд. Улар ўтин ва кўмирда ёқилади. Йўл четидаги барча уйлар томида қуёш панеллари ўрнатилган. Хитойда 1,5 миллиард одам борлигини сезмайсиз ҳам. Чунки, ҳамма нарсада тартиб, интизом устун”, - дейди журналист.

Қудратхўжаев ҳикоясига Кореяда олган таассуротлари ва ўрганишларини улайди.

Фото: Koogle

“Одатда кун тартиби уйда барвақт бошланади. Кўпчилик йўл-йўлакай нонушта қилиб, қаҳва ичиб кетади. Аксар жойларда иш соат 8 да бошланади. Туш вақтида тушлик, кофе ичиш ва озгина дам олиш вақти бўлади. Бу пайт бирор корейсга телефон қилсангиз, ёки безовта қилсангиз, рости, сиз душманга айланасиз. Тушликдан кейин соат 6 гача астойдил ишлаш вақти, инглизча айтганда - hard working time”, -дея ҳайратини яширмайди Қудратхўжаев. У корейсларнинг жуда тиришқоқ халқ эканини айтар экан, бу нимада намоён бўлиши хусусида хулосаларини билдиради.

“Барча нарса ҳисоб-китоб билан қилинади, ҳеч нарса шунчаки қилинмайди. Офисда ҳар бир одам ўз функционал вазифаларига эга. Ҳеч ким бир-бирининг ишини қилмайди. Рақобат кучли. Давлат хизматчиларига эса жуда оғир. Чунки улар бу лавозимларга таниш-билишчилик, пул ёрдамида эмас, балки 3 босқичли тестни топшириб, тайинланади. Хизмат пилла поясидан кўтарилиш ҳам худди шундай. Уларнинг ўртача маоши 3 - 4 минг доллар атрофида. Нархлар ҳам шунга яраша қиммат”, - дея давом этади журналист. У “мўжизанинг бош омили онг ва тафаккурнинг юксалишидадир”, деган фикрни илгари суради.

“Масалан, сиз лойсувоқ уйда туғилдингиз. Болалигингиз, ўспиринлигингиз ҳам шу масканда ўтди. Бу сизнинг айбингиз эмас. Лекин, айнан шу уй деворларини пишиқ ғишт қилиб кўтариш, иморатингизнинг асосини гранит билан безатиш, ота-онангизга қулай, замонавий таҳоратхона қилиш сизнинг қўлингиздадир. Чунки, Қудратхўжаев айтмоқчи, лойсувоқ уйда ўлсангиз бу айнан сизнинг айбингиз бўлади”.

Фото: SBS

Шу ўринда у инсон тафаккури ҳақида фикрлари билан ўртоқлашар экан, унинг нақадар миттилиги ёки бепоёнлиги ҳар кимнинг ўзига боғлиқ эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, тафаккуримиз яхши ғоялар, яхши инсонлар, яхши ташуббуслар учун қанчалик очиқ бўлса, тафаккур империямиз шунчалик бепоён бўлади.

“Янгилик кишини ўйлантирса-да, ундан қўрқмаслик керак. Хитойда юрган вақтимда, Тошкентда бензин нархи ошди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб пессимистик гапларни ўқидим: “Шу эски йўллардан юраверардик, бизга янги қурилишлар керак эмас. Бензин нархи ошмаса бўлгани”, – деганлар ҳам бўлди.

“Бозорларимизда картошка нархи шунча, гуруч нархи бунчага ошди”, - дейишди. Дунёқарашимизни озгина ўзгартирадиган вақт келди, деб ўйлайман. Назаримда, биз арзон картошка, арзон гўшт, арзон бензинни ўйлаб, ўзимиз ҳам арзон одам бўлиб қолаётгандекмиз. Бизни кичкина маош ҳам қониқтиряпти. Гўёки, арзончилик бўлса бас. Ваҳоланки, валюта либерализациясини хоҳладикми, бунинг оғриқли нархини ҳам тўлашимиз керак. Бу танадаги иситмага ўхшайди. Бир чиқиб иммунитетни синаб, қайтиб кетади. Фақат, бу босқичдан, оғриқли ўтиш давридан чиқиб олишимиз керак. Ўзи бу мушкул муолажани 25 йил чўзиб келдик, МДҲда охири биз қолгандик”, - дея ижтимоий тармоқларда билдирилган қарашларга ҳам ўзининг жўяли ва асосли фикрлари билан жавоб қайтаради Қудратхўжаев.

“Бизнинг бошқа фалсафага ўтадиган вақтимиз келди: кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш фалсафаси. Масалан, Кореяда яшаш даражаси, бензин, электроэнергия, озиқ-овқат жуда қиммат, ресторан, кафелар нархлари жуда баланд. Лекин шунга қарамасдан, улар кўпроқ даромад топишга тинмай интилишади”, - дейди куюнчаклик билан муаллиф. Шу ўринда у Кореяда кўрганларини Ўзбекистондаги одамлар дунёқараши билан солиштиради.

Фото: CNN

“Яна бир гап мавриди келганида, (Кореяда) меҳнат қилиб топилган пул саёҳат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади. Биз эса шунча тер тўкиб, топган пулимизни кераксиз моддий сарпо бисот, тўй маърака ва кибримизни озиқлантиришга харжлаймиз. Қадриятларни ҳам ревизия қилиш вақти келди, ниҳоят.., шахсиятни комилликка етаклаш йўлида ҳам моддий харажат миқдорини ошириш лозим. Ваҳоланки, қанчалик аччиқ бўлмасин, Тошкентдан нари чиқмаган қанча одамлар бор, ҳамон, бугунги 21 асрда.. аксинча пойтахтни кўрмаганлар қанча??!”, - дея ҳақиқий аҳвол қандай эканига диққатни қаратади ва вазиятни ўнглашга чорлайди.

Муаллифнинг маълум қилишича, бугунги кунда Хитойда машина сотиб олиш у қадар муаммо бўлмаса-да, одамлар 1-1,5 йиллаб давлат рақамини олишга навбатда туради. Қолаверса, автомобиль давлат рақами учун 20-30 минг доллар тўлашади.

Мавзуга оид