Жамият | 11:26 / 06.12.2017
5211
3 дақиқада ўқилади

Калийли ўғитлар заводига ишга жойлаштириш ваъдасини берган фирибгарлар судланди

“Калийли ўғитлар заводига қўриқчи қилиб, ишга жойлаб қўямиз. Ойлик – бир миллион икки юз... Ўн беш кун – иш, ўн беш кун – дам... Зўр танишлар бор. Харажатидан қочмасангиз бўлди”...

Чойхонада “бир пиёла чой” устида “пишган” бу маслаҳатдан сўнг Дилшод ўйланиб қолди. Тасодифан танишган танишлари Шарофиддин ва Фарҳод кўзига ишончли одамлар бўлиб кўринди. Шарофиддинга ишга кириш учун тайёрлаб келган ҳужжатларини узатди. Аммо улар айтган “харажат”нинг миқдорини эшитиб, чайналиб қолди. “Ҳожатбарор”лар ишга кириш учун 1500 АҚШ доллари узатиш кераклигини айтишди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У ҳозирча ёнида икки юз борлигини айтган эди, Фарҳод ҳужжатларни унга қайтариб берди. Ҳеч бўлмаса, олдиндан ярмини бериш кераклиги, қолганини ишлар юришиб кетганидан кейин берса бўлишини айтиб, гапни қисқа қилди.

Дилшод узоқ ўйланди. Охири бир қарорга келди. Божаси Шерали билан бирга яна чойхонага – “ҳожатбарор”ларнинг олдига ошиқди. Ҳужжатлари билан бирга, уларнинг қўлига 700 АҚШ доллари берди. Шарофиддин пулни олиб, Фарҳодга узатди. Фарҳод эса салмоқланганича иш қирқ кундан кейин ҳал бўлишини айтди.

Орадан бир ой ўтди. Яхшигина ишнинг ширин хаёлида юрган Дилшодга Шарофиддин яна 100 доллар кераклигини айтиб қолди. Дилшод унинг талабини бажаргач, ишлар қандай кетаётганини суриштирди. Шарофиддин унинг ҳужжатлари Тошкентга жўнатилганини, ҳали жавоби келмаганини билдирди.

Кунлар кетидан кунлар бирин-кетин қувиб ўтаверди. Аммо “ҳожатбарор йўриқчи”лардан дарак бўлмади. Тоқати тоқ бўлган Дилшод Шарофиддиндан пулларини қайтариб беришни талаб қилди. Бироқ пулларининг бир қисмини қайтариб олиш учун етти ой овора-ю сарсон бўлишига тўғри келди. Шарофиддин эса унга 700 долларни қайтариб, қолганини “оласан-да” қабилида ўзлаштириб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судида мазкур ҳолатга ойдинлик киритилди. Косон туманида яшовчи, Қарши туманидаги “Диёрбек Учқун” қурилиш фирмасида уста бўлиб ишлаётган Фарҳод Авазовнинг устаси фаранг фирибгар экани ўз исботини топди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан унга энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ҳа, “ҳожатбарор йўриқчи”ларнинг фирибгарликлари ана шу тариқа ўзларига жуда қимматга тушди. Афтидан уларнинг ўзларига фирибгарликнинг охири вой экани ҳақида йўл-йўриқ берадиган “йўриқчи” вақтида топилмаган кўринади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид